14:28 / 03.03.2017
110725

Россия ҳам эмас, Қозоғистон ҳам эмас. Шавкат Мирзиёев илк ташрифни қайси давлатга амалга ошириши аниқ

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқин кунлар ичида Туркманистонга давлат ташрифини амалга оширади. Бу ҳақда Туркманистоннинг Тошкент шаҳридаги элчихонаси «Кун.uz»га маълум қилди.

«Ташриф амалга оширилади. Ҳозирда ташрифга тайёргарлик кўрилмоқда», – деди манба.

Ушбу ташриф 5-6 март кунлари амалга оширилиши кутилмоқда.

«Кун.uz» маълумотига кўра, 5 март куни Ашхобод шаҳрида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов номидаги янги кўчанинг очилиш маросими бўлиб ўтади. Ушбу маросимда Шавкат Мирзиёев иштирок этиши мумкин. Шунингдек, сайт мухбирлари Бухорога сафари вақтида вилоят ҳокимлиги шу кунларда Туркманистонга делегация юборишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида маълумот олишганди.

Ўтган йилнинг октябрь ойи охирида Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов билан телефон орқали мулоқот қилганди. Ўшанда қўшни давлат раҳбари Ўзбекистон президентини Туркманистонга давлат ташрифи билан келишга таклиф этганди.

26 январь куни Ўзбекистон ва Туркманистон савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Қўшма комиссиясининг 13-йиғилиши ўтказилганди. Унда Очилбой Раматов бошчилигидаги делегация Туркманистон томони билан туркман-ўзбек мулоқотини жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилганди.

Шунингдек, икки томонлама ўзаро алоқаларнинг стратегик йўналишлари муҳокама қилинган, асосий урғу савдо-иқтисодий, ёқилғи-энергетика ҳамда транспорт-коммуникация соҳаларига қаратилганди.

Ўзбекистон томони «Ўрта Осиё-Яқин Шарқ» (Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон) янги транспорт-транзит йўлагини ташкил этишда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирган. Унинг амалга татбиқ этиш халқаро транзит юк ташувлар ҳажмини ошириш ва дунё бозорини яна бир катта талабга эга йўналиш билан таъминлаш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатидаги илк ташрифи Россияга, шу йилнинг апрелида амалга оширилиши хабар қилинганди. Кейинроқ эса президент илк ташрифини март ойида Қозоғистонга амалга оширилиши ҳақида маълумот пайдо бўлди.

Эксклюзив фоторепортаж: Туркманистонда Ислом Каримов кўчаси очилиш арафасида

Top