07:28 / 06.03.2017
6157

Японияликлар қирғизистонликларни ўқитиб, сўнгра иш билан таъминлайдилар

Фото: Қирғизистон ҳукумати матбуот-хизмати / Сабир Аилчиев

Япониянинг Tokyo Rope MFG Co. Ltd компанияси Қирғизистонда юқори малакали муҳандис ва кончиларни ўқитиш билан шуғулланмоқчи. Ўқишни якунлаганлар кейинчалик компаниянинг халқаро лойиҳаларида ишлайдилар. Бу ҳақда компания раҳбари Шигето Танакининг Қирғизистон бош вазири Сооронбай Жээнбеков билан учрашуви натижаларига кўра маълум қилинган. 

Учрашув вақтида Жээнбеков Қирғизистон вазирлар маҳкамаси Япониядан тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишдан манфаатдорлигини ва икки давлат ўртасида иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштиришни қўллаб-қувватлашини айтган. Бош вазирнинг айтишича, Қирғизистонда хорижий капиталга эга бизнесни юритиш учун барча шароитлар яратилган.    

Танаканинг айтишича, ҳамкорликнинг бошланғич босқичида компания мутахассисларни ўқитмоқчи. Бундан ташқари, Tokyo Rope Қирғизистонда қурилиш компанияси очмоқчи ва металл буюмлар ишлаб чиқарувчи завод қурмоқчи.   

Компания ва Қирғизистоннинг иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги инвестициялар ва экспортни илгари суриш давлат агентлиги ўзаро ҳамфикрлик меморандумини имзолашган.   

Аввалроқ мамлакат президенти Алмазбек Атамбаев Танакани ва Mitsui & Co. Steel Ltd компанияси вице-президентини қабул қилган. Учрашувда японияликлар Қирғизистонда пўлат арқон ишлаб чиқарувчи завод қуришларини ва инфратузилма объектларини тошлар тушиши, кўчки ва селлардан ҳимояловчи тизимлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишларини маълум қилишган.     

Top