21:10 / 02.05.2024
9782

Қирғизистон ҳукумати ўз фуқароларига Россияга бормасликни тавсия қилди 

Россияга сафар қилиш учун «ўта муҳим сабабларга эга бўлмаган» Қирғизистон фуқароларига сафардан тийилиш тавсия этилди. 

Фото: Reuters

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) мамлакат фуқароларига Россияга сафар қилишдан вақтинча воз кечишни тавсия этди. 

Ташқи ишлар вазирлиги сайтидаги хабарда айтилишича, Россияга «сафар қилиш учун ўта муҳим сабабларга эга бўлмаган» Қирғизистон фуқароларига «илгари киритилган қўшимча хавфсизлик чоралари олиб ташланмагунча ва мамлакат ҳудудига киришдаги назорат юмшатилмагунча» сафар қилишдан тийилиш тавсия этилади. Департамент Россияга йўл олган барчани «кириш чекловларини олдиндан текширишга» чақирди. 

ТИВ изоҳига кўра, ушбу тавсия Қирғизистон фуқароларининг Россия ҳудудига оммавий равишда киритилмаётгани ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлиши муносабати билан берилган. Шу билан бирга, департаментнинг ўзи оммавий киритилмаслик ҳақидаги маълумотлар дипломатик йўл билан тасдиқланмаганини даъво қилмоқда. 

Бир кун аввал ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик «Агентство» нашрига Россия чегарачилари Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларини оммавий равишда киритмаётганини айтди. Унинг маълумотларига кўра, 1 майга қадар Россия аэропортларида 4,5 мингга яқин одам Россияга киритилмаган. Тахминан шунча одам қуруқликдаги чегаралардаги назорат-ўтказиш пунктларидан ўтказилмаган. Чупик шунингдек, ушланганларнинг аксарияти бир-икки кун ичида қайтариб юборилаётганини, бироқ айрим ҳолларда бу жараён бир ҳафтага чўзилиб кетаётганини айтган. 

27 апрел оқшомида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларни Россияга бормасликка чақирди. Бундан олдин департамент сўнгги бир неча ҳафта ичида Тожикистон фуқароларининг Россияга кириши оммавий равишда чекланаётгани ҳақида хабар берган эди. 

Тожикистонлик мигрантлар «Крокус Сити Холл»даги терактда айблангандан сўнг, Россияда хориж фуқароларига нисбатан оммавий текширувлар бошланди. Тожикистон Меҳнат вазирлиги «маиший даражада» тазйиққа учраётган меҳнат мигрантларининг Россиядан оммавий чиқиб кетаётганини қайд этди.

Top