15:52 / 06.03.2017
21760

Ўзбекистон ва Туркманистон Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ва яна бир қатор ҳужжатларни имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ашхободга ташрифи доирасида олий даражадаги туркман-ўзбек музокаралари якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Маросим «Салжуқ хон» залида ўтказилди. Президентлар Гурбангули Бердимуҳамедов ва Шавкат Мирзиёев Туркманистон ва Ўзбекистон республикалари ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ҳамда Қўшма баёнот имзолашди.

Шунингдек, президентлар гувоҳлигида 2018—2020 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Темирйўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги меморандум, Маданий-гуманитар соҳада 2017—2019 йилларга мўлжалланган ҳукуматлараро ҳамкорлик дастури ва Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2017—2018 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.

Шунингдек, Хоразм ва Тошҳовуз вилоятлари ҳамда Лебап ва Бухоро вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик бўйича келишувлар имзоланган.

Давлат раҳбарлари 7 март куни Туркманистоннинг Лебап вилоятига ташриф буюришади. У ерда Туркманобод-Фороб автомобиль ва темир йўл кўпригининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.

Туркманистон Темирйўл транспорти вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда «Туркманхимия» давлат концерни Ўзбекистон корхона ва ташкилотлари билан битимлар имзолади.

Top