19:03 / 07.03.2017
56436

Интервью: Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусов ўтган ҳаёт сўқмоқлари

Фото: Kun.uz

Истеъдодли театр ва кино актёри Обид Юнусов 1934 йилда Тошкент шаҳрида дунёга келган. 1956 йилда А. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультетини тугатгач, то 1996 йилгача Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрида актёр сифатида фаолият кўрсатиб юздан ортиқ турли характерга, қиёфага ва дунёқарашга эга бўлган, турли миллатга мансуб образларни гавдалантирган. Ш.Холмирзаевнинг "Қора камар" драмасидаги Эшон образи учун Обид Юнусовга 1988 йилда Ўзбекистон Давлат мукофоти соврини берилади. 

Актёр кинода ҳам бир-икки образни муваффақиятли яратгач, бу санъат даргоҳида ҳам ўз ўрнини топади. Обид Юнусов кинода 30 дан ортиқ пухта ва тўлақонли образлар яратди. "Ўзбекфильм" киностудиясида узоқ йиллар дубляжда фаол қатнашиб, 1000 дан ортиқ фильмларга овоз берди. Обид Юнусов ижодини радио ва телевидениесиз тасаввур қилиш қийин. У радиода қатор радиоспектаклларда қатнашиб, бир неча образлар яратди. 

Иқтидорли театр ва кино актёри Обид Юнусовнинг санъатдаги хизматлари муносиб тақдирланди. 1987 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилди. 1988 йилда у Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. 1994 йилда актёрнинг 60 ёшлик тўйи нишонланди.

Актёр 2015 йилнинг 21 сентябрь куни оламдан ўтди. Қуйида актёр билан бўлиб ўтган интервьюни томоша қилишингиз мумкин.

Мазкур суҳбатда актёрнинг ички дунёси, унинг характери ва энг асосийси, ўз касбига бўлган муҳаббати намоён бўлган. Жумладан, Обид Юнусов ўз касби ҳақида гапирар экан, ҳеч қандай моддий манфаатларсиз, ҳеч қандай таъмасиз бу соҳа остонасидан ўтганини таъкидлайди ва санъат оламига кирмоқчи бўлганларни ҳам шунга даъват этади.

Ўз ўтмиши, ҳаёти, армон ва ютуқлари ҳақида гапирар экан актёрнинг кўзларида тарих бир зумда гавдаланади. Интервью давомида Обид Юнусов ҳақида гапириб берган суҳбатдошлар сўзида актёрнинг шу пайтгача сирли бўлган қирралари бўй кўрсатади. Бир инсон тақдирида ҳаёт сўқмоқлари йўл кўрсатади...

Youtube`да

Tas-Ix`да

Top