Жамият | 12:50 / 27.03.2017
38565
6 дақиқада ўқилади

Вилоятларда электр муаммоси: “Ўзбекэнерго” АЖ бунга нима дейди?

Ўзбекистон истиқлолга эришгач, иқтисодий ва бошқа соҳаларда ҳам тўла мустақилликка эришди. Жумладан, электр энергияси соҳасида ҳам кейинги йилларда жуда катта лойиҳалар амалга оширилаётгани сир эмас. Аммо тан олиб айтиш лозимки, республика аҳолисини электр энергияси билан таъминлаш борасида айрим муаммоларга дуч келинмоқда. Бу ҳолат, айниқса, куз-қиш мавсумида кўзга яққол ташланади. Мана шу муаммоларнинг ҳал этилиши, истиқболдаги режалар бугун фуқароларни жуда қизиқтирмоқда. Буни таҳририятимизга йўлланилаётган мурожаатларда ҳам кўриш мумкин.

Ана шу мақсадда “Ўзбекэнерго”га таҳририятга келиб тушган мурожаатларни умумийлаштириб, саволлар йўллаганди. Ташкилот мутахассислари саволларга имкон қадар жавоб берган.

1. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида жорий йилнинг март ойидан бошлаб электр энергиясида узилиш ҳолатлари кўпайган. Келиб тушаётган мурожаатларга кўра, Андижон, Қашқадарё ва Сурхондарёдаги туманларда мазкур ҳолат тез-тез кузатилмоқда. Бунга нима сабаб бўляпти?

Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан Андижон туман истеъмолчиларини мустаҳкам электр энергияси билан таъминлаш мақсадида, 2017/2018 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бошланган. Шу сабаб 105,3 км узунликдаги 0,4-6-10 кВли ҳаво электр узатиш тармоғи, 46 дона трансформатор пункти мукаммал таъмирланиши ҳамда 470,4 км узунликдаги 0,4-6-10 кВли ҳаво электр узатиш тармоғи, 198 дона трансформатор пунктлари таъмирланиб, реконструкция қилиниши режалаштирилган. Шунингдек, электр ускунарини режавий ва навбатдан ташқари кўрикдан ўтказиш ҳамда қарздор истеъмолчиларни тармоқдан ажратиш каби ишлар амалга оширилаётган вақтларда ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қисқа муддатли узилишлар юзага келиши мумкин.

2. Фуқароларга маълум бўлиши учун ҳар бир ҳудуд бўйича электр энергиясидаги узилишлар вақти инфографика тарзда эълон қилинса бўлмайдими? Ёки узилишлар вақти ўзгарувчан бўлиб, бунинг сабаби бошқа омилларга бориб тақаладими?

Бугунги кунда истеъмолчилар томонидан электр энергиясидан хоналарни иситиш, овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун фойдаланишлари натижасида электр энергия истеъмоли кескин ортиб кетиши ва электр қурилмаларини ишдан чиқишига олиб келмоқда. Ушбу узилишларни вақти ўзгарувчан бўлиб, яъни авария ҳолатларига олиб келмаслигининг олдини олиш мақсадида, электр таъминоти корхонаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари билан келишилган “чеклов жадвали” ишлаб чиқилади.

3. Жойларда электр энергиясидан қарзи бор хонадонларнинг электр узатиш симлари электр корхоналари ходимлари томонидан узиб кетилмоқда. Бу қонуний томондан қанчалик тўғри? Хонадоннинг электр энергиясидан қарзи борлиги туфайли уни электр энергиясидан маҳрум қилиш, яъни таъминот кабелларини узиб ташлаш суднинг буйруғи асосида амалга оширилмайдими? Умуман олганда, фуқаро ўз қарзини тўлиқ қоплай олмаган тақдирда, ойма-ой бўлиб тўлашга ҳақлими?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сонли “Электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарорининг 129-бандига асосан, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари қуйидаги ҳолларда электр энергиясини истеъмолчига етказиб беришни тўхтатиш ва узиб қўйиш оқибатлари учун жавоб бермаслик ҳуқуқига эга:
- электр энергияси электр таъминоти шартномасидаги миқдордан ортиқча сарфланганда ёки электр энергияси истеъмолининг белгиланган режими бузилганда;
- электр энергияси электр таъминоти шартномасиз истеъмол қилинганда;
- «Ўзстандарт» агентлиги томонидан белгиланган тартибда қиёслашдан ўтказилган электр энергиясини ҳисобга олиш приборлари бўлмаганда;
- электр энергияси (қуввати) учун электр таъминоти шартномасида белгиланган миқдорда ва муддатда тўлов тўланмаганда;
- электр қабул қилгичлар ҳисобга олиш приборларидан ташқари уланганда ёки электр энергиясини ҳисобга олиш схемаси бузилганда, шу жумладан, ҳисобга олиш приборларининг ва ўлчаш трансформаторларининг пломбалари бузилганда.

4. Мурожаатларга кўра, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳри электр таъминоти корхонасининг айрим ходимлари маҳаллама маҳалла юриб, қарзи бор хонадонларнинг кабелини уздириб ташлаётгани, қайтиб ўлаб бериш учун эса 20 минг сўм пул олаётгани маълум бўлди. Қонуний жиҳатдан бу тўғрими?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2004 йил 1 ноябрдаги “Электр энергиясидан фойдаланганлик учун ҳисоб-китоб қилиш механизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 511-сонли Қарорининг 4-бандига асосан, тўлов муддати ўтган қарзлари бўлган юридик ва жисмоний шахсларга электр энергияси етказиб беришни тўхтатиб қўйиш бўйича талабларга риоя этилиши учун шахсан жавобгарлик “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ва ҳудудий электр энергияси сотиш корхоналари раҳбарлари зиммасига юклансин.

30 кундан ортиқ қарздорлик мавжуд бўлганда “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти тизими ва энергия билан таъминловчи ташкилотлар ходимларига истеъмолчилар узиб қўйилмаганлиги ва уларга электр энергияси берилганлиги учун - ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизи миқдорида жарима жазолари белгиланадиган, ушбу ҳолат такрорлаганда эса улар эгаллаб турган лавозимидан озод этиладиган ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиладиган тартиб белгилансин, деб кўрсатиб ўтилган.

Мавзуга оид