00:56 / 27.03.2017
5143

ЖЧ-2018 саралаш босқичи: Германия Озарбойжонни, Чехия Сан-Маринони мағлуб этди

2018 йилги жаҳон чемпионати Европадаги саралаш босқичининг 5-турида Германия Озарбойжонни қабул қилди. Озарбойжондаги Тофик Бахрамов номидаги стадионда ўтказилган учрашув меҳмонларнинг 1:4 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган.

Германия сафида Андре Шюррле дубль амалга оширди, Томас Мюллер ва Марио Гомес ўз ҳисобларига биттадан тўп ёзиб қўйишди. Озарбойжонликлар сафида Дмитрий Назаров битта жавоб тўпини амалга ошира олди. Бунгача Германия Норвегия (3:0), Чехия (3:0), Шимолий Ирландия (2:0) ва Сан-Маринога (8:0) бирорта гол ўтказмаган. Бунинг эвазига немислар ўз тарихларида жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги энг яхши стартни намойиш қилдилар.

Гуруҳдаги бошқа бир учрашувда Чехия меҳмонда Сан-Маринони 0:6 ҳисобида тор-мор этди. Антонин Барак ва Владимир Дарида дубль амалга оширдилар, Теодор Гебре Селасси ва Михал Крменчик биттадан тўп киритдилар.

Чехия учун бу ғалаба тарихида меҳмонда қўлга киритилган энг йирик ғалабаси бўлди. Чехларнинг бу борадаги аввалги йирик муваффақияти 2005 йилда Андоррага (0:4) қарши ўрнатилганди. Чехия тарихида энг йирик ғалаба эса 2009 йилда Сан-Марино устидан эришилган ғалаба (7:0) ҳисобланади.

ЖЧ-2018, Европа, С гуруҳи, 5-тур

Озарбойжон – Германия – 1 : 4 

Голлар: 0:1, Шюррле (19); 1:1, Назаров (31); 1:2, Мюллер (36); 1:3, Гомес (45); 1:4, Шюррле (81). 

Сан-Марино – Чехия – 0 : 6 

Голлар: 0:1, Барак (17); 0:2, Дарида (19); 0:3, Барак (24); 0:4, Гебре Селасси (26); 0:5, Крменчик (43); 0:6, Дарида (77, пен)

Айни вақтда гуруҳдаги вазият қуйидагича кўриниш олган: 1. Германия – 15 очко (5 ўйин); 2. Чехия – 8 (5); 3. Шимолий Ирландия – 7 (4); 4. Озарбойжон – 7 (5); 5. Норвегия – 3 (4); 6. Сан-Марино – 0 (5).

Top