15:34 / 22.11.2023
33580

U-17 жаҳон чемпионати. Ўзбекистон Англияни мағлуб этиб, чоракфиналга йўлланма олди

Индонезияда ўтаётган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг нимчоракфинал босқичи доирасида Ўзбекистон U17 жамоаси Англия устидан ғалабага эришиб, ўз тарихида иккинчи бор турнирнинг чоракфиналига йўлланма олди.

Жамолиддин Раҳматуллаев бош мураббийлигидаги ўсмирларимиз Жакартада ўтган учрашувнинг 4-дақиқасидаёқ Амирбек Саидовнинг голи эвазига ҳисобни очишди – 1:0. Бу Амирбекнинг турнирдаги 4-голи бўлди ва у тўпурарлар рўйхатида бормоқда. 

Голдан кейин инглизлар ҳужумкорликни ошириб, 36-дақиқада Ндала яккама-якка вазиятда Англиянинг жавоб голига муаллифлик қилди – 1:1.

Иккинчи бўлимда ҳам жамоалар майдонда очиқ футбол намойиш этишди ва 67-дақиқада жамоамиз сардори Лазизбек Мирзаев жарима майдони ташқарисидан белгиланган стандарт зарбасини суперголга айлантирди – 2:1.

Шу тариқа, Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси ўз тарихида илк марта Англияни мағлубиятга учратиб, иккинчи марта чоракфинал босқичига йўлланма олди. Сўнгги марта 12 йил аввал – Мексика-2011 жаҳон чемпионатида Алексей Евстафеев бошчилигидаги ўсмирлар чоракфиналгача етиб келганди. 

Ўзбекистон U17 жамоасининг 1/4 финалдаги рақиби Франция – Сенегал ўйинидан кейин маълум бўлади. Ушбу жуфтлик ғолибига қарши яримфинал йўлланмаси учун кураш 25 ноябр куни бўлиб ўтади. Чоракфинални ўсмирларимиз бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаев трибунадан томоша қилади. Сабаби у Англияга қарши ўйиннинг 90+10-дақиқасида майдондан четлатилди.

22 ноябр (чоршанба)
U-17 жаҳон чемпионати. 1/8 финал
Англия – Ўзбекистон – 1:2

Ҳакам: Селвин Браун (Ҳондурас)
VAR: Жоэ Дикерсон (АҚШ)
Голлар: Амирбек Саидов 4, Лазизбек Мирзаев 67 – Жожл Ндала 36.
Англия U-17: 1.Томми Сетфорд, 2. Жош-Кофи Ачемпонг, 3. Жейден Мегома, 5. Лекли Самуэл, 6. Самуэль-Смит, 10. Сам Амо-Амеяв ( 9. Жастин Обоваодуо, 80), 11. Жоэль Ндала, 14. Дэнни Райс (4. Финли Мак Аллистер, 46), 16. Майлс Люис-Скелли, 18. Крис Риг (20. Этан Нванери,63) 19. Мэтти Верҳорст
Ўзбекистон U-17: 21.Муҳаммадюсуф Собиров, 5.Азизбек Тўлқинбеков, 6. Озодбек Ўктамов (3.Яҳё Ўринбоев, 46), 7.Лазизбек Мирзаев, 8.Беҳрўз Шукуруллаев, 9.Амирбек Саидов, 13.Беҳруз Жуматов, 16.Муҳаммадали Реимов, 17.Оллоберган Каримов, 19.Шерзод Абдулбориев, 20.Дилшод Абдуллаев.

Top