15:26 / 02.04.2017
11011

Қирғизистонда собиқ депутат тергов изоляторида жароҳат олган ҳолда топилди  

Қирғизистон парламентининг "Ата-Журт" партиясидан собиқ депутати Садир Жапаров тергов изоляторида бўйин ва тирсаги соҳаларида жароҳатлар билан топилди. Бу ҳақда Жазони ижро этиш хизматига иқтибос келтирган ҳолда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, мухолифатчи ўзига ўзи жароҳат етказган.

"Жапаровнинг аҳволи барқарор, муҳим аъзолар шикастланмаган. Унинг ушлаб турилиши шароитлари ва Жазони ижро этиш хизмати ходимларига эътирози йўқ. Унинг бундай қилишига яқинларининг асоссиз ҳибсга олиниши сабаб бўлган", дейилган хабарда.

Садир Жапаров

Маълум қилинишича, воқеа жойига махсус прокуратура ва мамлакат  омбудсмени вакиллари ташриф буюришган.

Собиқ депутат Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан одамларни гаровга олиш жиноий иши бўйича ҳибсга олинганди.

2013 йил март ойида Қирғизистон суди Жапаровни ҳокимиятни эгаллашга чорловлари учун 18 ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилгани маълум қилинганди.

Top