Фан-техника | 16:23 / 11.04.2017
6711
2 дақиқада ўқилади

Extra 330LE электросамолёт прототипи янги жаҳон рекордини ўрнатди

Сўнгги вақтларда кўплаб транспорт воситалари ҳаракатланишда ички ёнув двигателлари ўрнига электр энергиясидан қувват олувчи моторлардан фойдаланмоқда. Хорижий ривожланган мамлакатларда аллақачон кундалик транспорт воситасида кенг қўлланилаётган электромобиллар ҳақида жуда кўп эшитганмиз. Аммо, ҳозирда, электродвигателли самолётлар ҳам пайдо бўлмоқда.

Яқинда Германиянинг Siemens компанияси шундай самолётлардан бири Extra 330LE прототипини ишлаб чиқди. У синов парвози чоғида ўз тоифасидаги қурилмалар орасида жаҳон рекордини ўрнатди. Бундан ташқари, у планерни белгиланган баландликка торта олган илк электр самолёт ҳам бўлди.

Extra 330LE двигателининг вазни 50 кг бўлгани ҳолда 260 кВтни тақдим эта олади. Ҳаво кемасининг оғирлиги 1 минг кгни ташкил этади. Янги рекорд қайд этилган парвоз шу йилнинг 23 мартида амалга оширилган. У Dinslaken Schwarze Heide Airfield аэродромидан ҳавога кўтарилиб, соатига 337,5 км тезликка чиқа олган. Кейинроқ, Extra 330LE планерни шатакка олиб, 76 сонияда 600 баландликка олиб чиққан. Самолётни учувчи Уолтер Экстра бошқарган. Siemens компаниясининг шўъба корхонаси ҳисобланувчи eAircraft фирмаси раҳбари Фрэнк Энтоннинг айтишича, рекорд парвозлар ва планерни тортиш янги двигатель имкониятлари ишончли эканини тасдиқлайди. 19 кишини ташишга мўлжалланган гибрид самолёт учун эса 6та шундай мотор етарли бўлади. 

Мавзуга оид