Жамият | 08:52 / 12.04.2017
23026
2 дақиқада ўқилади

Алишер Усмонов солиқларни қаерда тўлаётганини айтди

Асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов Россия солиқ резиденти экани ҳамда ўтган йил учун 400 миллион доллардан ортиқ солиқ тўлаганини маълум қилди.

Ўтган йилнинг декабрида Усмонов Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти лавозимидан кетганидан сўнг, Россия солиқ резиденти мақомига қайтиш ниятида эканини маълум қилганди.

У Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти сифатида кўп вақтини хорижда ўтказишга мажбур экани ҳақида ҳам айтганди.

"Шунга қарамай мен Россия солиқ резидентиман, барча шахсий солиқларни шу ерда тўлайман. Шу билан бирга, бу солиқлар тўланган маблағларнинг катта қисмини Россияда ишлаб топмаганман: бу асосан Россия ташқарисидаги қимматли қоғозлар бозоридаги амалиётлардан олинган даромад", - дея айтиб ўтди Усмонов "Ведомости" газетасига берган интервьюсида.

"Шу билан бирга, мен жисмоний шахс сифатида Россияда 400 миллион доллардан ортиқ солиқ тўладим", - дея таъкидлаб ўтди у.

Алишер Усмонов 2008 йилдан бери Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти ҳисобланади. Ўтган йилнинг ноябрида унинг ваколатлари яна 4 йилга узайтирилди.

Мавзуга оид