Жамият | 15:00 / 13.04.2017
20089
12 дақиқада ўқилади

Йўқолиб бораётган фазилат - китобсеварлик

Ота-боболаримизнинг билимга, китобга бўлган меҳр-муҳаббати она диёримизда дунё тамаддунига, илму маърифат ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк инсонларнинг етишиб чиқишига сабаб бўлган. Муқаддас динимизда хоҳ эркак бўлсин, ҳох аёл – ҳар бир инсоннинг илм ўрганиши фарз бўлган. Қуръони Карим илк суръаси “ўқи” сўзи билан бошланиши, “илм” сўзи унда 811 марта жаранглаши бежиз эмас. Халқимиз азалдан билимга саодатнинг калити, комиллика елтувчи кўприк, инсонни ёвузликдан, хурофатдан асровчи тумор сифатида қарашган. Билимли инсонлар эл орасида катта обрў-эътиборга эга бўлишган. Соҳибқирон Амир Темур дунёвий ва диний билимларни чуқур эгаллаган ҳукмдор бўлиш билан бирга илм аҳлини бағоят қадрлаган, уларга яқиндан ғамхўрлик қилган, саҳоватини аямаган.    

Халқ орасида Амир Темур ҳақида бир ривоят юради. Унинг қўшинлари Арман заминидан ўтиб кетаётганда бир монастирга дуч келишибди. Темур қўшинлари дарвозаларни очишни талаб қилибди. Монастрдагилар бунга рози бўлишмасдан ўрнига катта миқдорда олтин ваъда қилишибди. Ўша пайтларда уруш қоидаларига биноан ҳаёти сақлаб қолинган мағлуб томон ғолиб томонга омонлик солиғини тўлашган... Монастрдагиларнинг таклифи Амирга маъқул келмапти. Анча ўйланиб туриб келган элчиларга “майли кимки омонлик истаса, ўз оғирлигига тенг китоб келтирсин!” деб шарт қўйибди. Монастр аҳли бу талабни узоқ муҳокама қилиб, ўлимга рози эканликларини изҳор қилибдилар. Бундай қарордан таъсирланган Темур “халқнинг маънавий меросини ўз жонидан афзал кўрган эл яшашга ҳақли” деган фармон берган экан... Бу ривоятда арман халқининг китобга бўлган эътиқоди билан бирга тиллодан китобни афзал кўрган, ўлимга маҳкум этилган душманни фақат китобсеварлиги учун ардоқлаб, омонлик берган Буюк Амир Темирнинг илм аҳлини нақадар қадрлаганлиги мадҳ этилаётган.

Буюк бобоколонимиз қайси мамлакатни махф этмасин билимли инсонларни ўз ҳимоясига олиб, ардоқлаган, дурдона китобларни асраб-авайлаб, Самарқандга олиб келган ва жаҳонда тенги йўқ темурийлар кутубхонасини барпо этган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек томонидан янада бойитилган бу кутубхонага шахсан Ҳоқоннинг ўзи мудирлик қилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг шу йил 12 январдаги Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишини ўқиб, бу нозик ва ўта мухим масалага шахсан давлат раҳбарининг эътиборини яна бир бора ҳис қилгандай бўлдим. Ҳужжатда китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Энди мутахассислар юртимизда аҳоли ўртасида, жумладан ёшлар орасида китобхонлик маданияти савиясиниг пасайиб кетиш сабабларини чуқур тахлил этиш асосида уни оширишга қаратилган аниқ ва пухта чора-тадбирлар белгилашлари талаб этилади.

Хўш, ўша сабаб ва шарт-шароитлар нималардан иборат?

Ўтган асрнинг 80-йилларидан бошланган сиёсий беқарорлик, иқтисодий танглик узоқ йиллик китбхонлик анъаналарига путур этказди. Дафатан савдо расталарининг бўшаб қолиши, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳарид қилиш учун узундан-узоқ навбатларнинг пайдо бўлиши, “қайта қуриш”, “ошкоролик”, “демократия” дея кўчага чиққан оломоннинг жумбушлари китоб дўконларининг ёпилиб кетишига, кутубхоналарнинг хувуллаб қолишига сабаб бўлди. Устига устак “қора қозони” қайнамай қолган ўқитувчиларнинг “бозор” томонга оғиб кетиши, шу даврда ота-оналарнинг ҳам “тирикчилик” йўлига ўтишлари китобхонлик маданиятига урилган биринчи зарба бўлганди. Мактабда, оилада назоратнинг сусайиши болаларга ўз таъсирини ўтказмай қолмади...

Янги алифбонинг жорий этилиши ҳамма замонларда ҳам бир муддат аҳоли саводхонлигига салбий таъсир кўрсатган. 1993 йилда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг жорий этилиши бундан ҳоли бўлмади. Бир неча йиллар ичида мамлакат аҳолиси икки гуруҳга – лотин алифбосига асосланган ўзбек алифосини ўзлаштираётган, аммо амалдаги кирилл ёзувини билмайдиган ёшлар ва кирилл ёзувини пухта эгалалаган, бироқ лотин ёзувига “уқув”сиз катта ёшдагиларга бўлиниб қолди.

Бу бўлиниш аста секин китоб оламига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Ёшлар мавжуд китобларни, газета ва журналларни мутолаа қилолмай, катталар эса янги чиққан адабиётларни ўқиёлмай қийналиб қолишди.

Ва ниҳоят китобхонликка кейинги “зарба”ни ҳаётимизга шиддат билан кириб келган телефон, интернет каби воқеликлар берди. Дастлабки пайтларда кўпчилик улар китобларнинг ўрнини босишга қодир, деган янглиш фикрда бўлиши оқибатида бу янгилик ёшларнинг катта қисмини ўз домига тортиб кетишга улгурди. Бугун ёшларку майли, катта ёшдагилар, ҳатто отахон-онахонлар ҳам телефондан бош кўтара олмай қолишгани ҳеч кимга сир эмас. Оиланинг улуғлари қўлига китоб олмасдан умрини комьютер ёнида ўтказса, олди-қочди сериаллардан бўшамаса, ёшлар китобхонликни кимдан ўргансин. Халқимизда қуш уясида кўрганини қилади, деган мақол бор.

Хорижий мамлакатларга борганимда атайлаб китоб дўконларига кираман. Ҳаридорлар кўплигидан ҳайратга тушаман. Қани эди бизда ҳам китоб дўконларимиз шундай гавжум бўлса эди, деб ният қиламан. Қани эди ота-оналар фарзандларининг туғилган кунларида қуюқ зиёфатлар, ҳорижнинг турқи отни хуркитадиган беўхшов, аммо қимматбаҳо ўйинчоқлари ўрнига бир дона китоб совға қилишни ўрганишса, қизи туғилгандан бошлаб, сандиқ-сандиқ сарпо йиғишдан чарчамайдиган оналар унинг орасига жиллақурса бир дона китобни жойлаб қўйса ёки ҳориж мебелларини тур-тури билан топиб, қизининг уйини безаётган дўлоб оталар жавонларга Навоий бобомизнинг “Хамса”сини жойлаб қўйса! Баъзида данғиллама “қаср”да яшовчи танишларимникига борганимда китоб жавонини ахтараман. Ҳовлида қўша-қўша машина... биллур қандиллар... керагидан ортиқ ҳориж мебеллари... Аммо бир дона ҳам китоб йўқ. Ҳаёлимдан битта мебелнинг ўрнига қанча китоб сотиб олса бўларкан, деган фикр ўтади... Кунда-кунора бериладиган зиёфатларга кетаётган миллионларга қанча китоб ҳарид қилса бўлади?

Китобга нисбатан оилада муносабат шу аҳволда бўлгач, фарзандлардан нимани кутамиз? Бола 5-6 соат вақтини мактабда ўтказади. Қолган пайтда оила даврасида бўлади. Оилада китобхонлик муҳити бўлмас экан, болада китобга меҳр уйғонмайди. Ота-оналар, бува-бувилар ўзлари намуна бўлиб, қўлларига китоб олмас экан, фарандлар ўз-ўзидан китобсевар бўлиб қолмайди. Кўп йиллик тажрибамдан шуни англадимки, болалар айниқса эртак ва достонларга ҳавасманд бўлишади. Эртак айтишни бошлаганимда невараларим ҳар қандай машғулотини (ҳатто компьютер ўйинидан воз кечиб) ташлаб, ёнимга келишади. Эртак тугаб қолса, яна-яна айтишимни талаб қилишаверади. Демак, бугуннинг ёшлари ўзгармаган. Улар ҳамон эртак ва достонларга ўч. Фақат биз катталар ўзгарганмиз. Фарзандлари билан китоб мутолаа қилиш у ёқда турсин гаплашишга ҳам вақт тополмаётган ота-оналару, чойхона ва “гап”лардан бўшолмаётган бобо-момолар ўзгарганмиз...

Айрим ота-оналарнинг “боламга китоб ўқи десам, ҳеч айтганимни қилмаяпти!” деб зорланишлари қулоққа чалинади. “Ўқи” дейиш билан муродга етиб бўлмайди. Кейинги пайтларда оилаларда аждодларимизнинг китоб мутолааси анъаналари унитилиб кетмоқда. Маълумки, ота-боболаримиз азал-азалдан эрталабки нонушта пайти, кечки тамади онлари оила даврасида нафис мажлислар қуришган. Катталар турли хил ривоятлар, ҳикоятлар сўзлаб, ёшларга насиҳатлар қилишган, китоб мутолаа қилишган. Ҳозир аҳвол бутунлай бошқача. Эрталаб ота ишга шошилади. Она ҳам ишга бориши лозим. Болалар мактабга, боғчага ошиқишади... Ким ўтириб, ким тик турганча, бири олдин, бири кейин нонушта қилиб, юмушларига отилишади. Кечда ҳам оиланинг барча аъзоларини бир жойга тўплаб бўлмайди... Ишдан толиқиб, кеч қайтган отанинг ҳам, ишдан ташқари уй юмушлари билан чарчаб қолган онанинг ҳам китоб мутола қилиш у ёқда турсин, мулоқат қилишларига қўллари тегмайди... Ваҳоланки, китоб мутолааси ота-оналар билан фарзандлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлайди, оила жипслигини таъминлайди.

Ёшларда китобга меҳрни берадиган иккинчи манъба - мактаб, ўқитувчилар. Мен кўп йиллар ўқитувчилар малакасини ошириш институтида дарс берганман. Кўпинча тингловчилар – ўқитувчилардан “сиз кейинги пайтда қандай бадиий асарни ўқигансиз” деб сўрардим. Энг ачинарлиси 60 фоиз устозлар кейинги бир йил давомида қандай китоб ўқиганлигини эслай олишмасди. 30 фоизи савияси паст китобларни ўқиши, фақат 5 фоиз тингловчилар жиддий адабиётларни мутолаа қилиши маълум бўларди.

Тиниб-тинчимас ижодкор Ҳусан Иброҳимовнинг Амир Темурнинг 1356-1370 йиллардаги фаолиятини қиёсий-танқидий ҳаққоний ва тўлақонли акс эттирган “Соҳибқиронни англаш” номли ҳужжатли асарини ўқиб ёш Соҳибқиронни янгидан кашф этгандай бўлдим. Мутахассис ва атоқли ижодкорлар томонидан юқори баҳоланган ушбу асар муаллифнинг сайъ-ҳаракати билан бор-йўғи 1000 нусхада чоп этилгани ачинарли ҳолдир. Бундай асарларни кўп минг нусхада нашрдан чиқариб, кутубхоналар ва китоб дуконларига тарқатиш соҳа мутассадиларининг шарафли иши бўлиши керак эмасми?

Ўтган асрнинг 50-йилларида иккинчи жаҳон урушининг қаҳрамони Г.К.Жуков тўғрисидаги китоб дўконларда сотувга чиққанда харидорлар 1,5-2 км. навбат пайдо қилган экан. Шу тариқа 100 нусхадаги китоб бир неча кунда сотилиб кетган. 5000 нусхада чоп этилган Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат”нинг китоб дўконларида харидорини кутиб ётганлигини кўриб, юрагим ачишади...

Олимлар китоб мутолаасининг инсон ақлий, жисмоний ва манавий камолатидаги аҳамиятини исботлаб бердилар. Маълумотларга кўра, китоб ўқиш ақлий қобилият пасайишининг олдини олади. Олти дақиқа китоб ўқиш билан машғул бўлиш стресс ҳолатини 60 фоиз камайишига олиб келиш билан бирга китобхоннинг юрак уриши бир маромда бўлишини, мушаклар таранглигини бўшаштириш жараёнини ҳам секинлаштиришини таъминларкан. Китобсеварларнинг тан соғлиқлари бошқаларга нисбатан 33 фоиз яхшироқ бўларкан. Бундан ташқари, китоб мутолааси инсон қалбини юмшатиши, уйқусизликнинг олдини олиши, тушкунликдан қутқариши, ҳаётдаги мақсадни тўғри англаб, қийинчиликларни енгишга ёрдамлашиши, ижодкорлик қобилиятини ривожлантириши, сўз бойлигини ошириши ва бошқа фойдали жиҳатларга эгалиги исботланган. Шу билан бирга компьютер ўйинларининг зарарли оқибатлари ҳам бугун ҳеч кимга сир эмас.

Шу ҳақиқатни ёшлар шуурига сингдириш мамлакатимизда китобхонлик маданиятини оширишда энг бирламчи омил бўлади. Китобнинг, илмнинг фойдаси, компьютер ўйинларининг зарарли томонлари телеқўрсатувларда очиб берилиши, мультфильмлар мазмунига сингдирилиши, рекламалар моҳиятини ташкил этиши, газета-журналларда тарғиб қилиниши лозим. “Доновой” ва “Билмасвой”нинг саргузаштлари ёрдамида билимли инсонларнинг жамиятда улуғланиши ва аксинча илмсизларнинг шармандали башаралари ёрқин бадиий бўёқларда болалар тафаккурига сингдириш даркор. Уларнинг онгида кўча-кўйда хурмат-эътибори ошиб бораётган, зафар чўққилари сари илдам одимлаётган “Доновой” ва эл-юрт ичида обрў-эътибори тушиб, кундан-кунга омадсизлик ботқоғига чўқиб бораётган “Билмасвой” сиймосини гавдалантириш лозим. Ана шунда ёшлар қалбида уларнинг бирига чексиз ҳавас, иккинчисига нисбатан нафрат шакллана боради. Китобга меҳри баланд янги авлод пайдо бўлади...

Комил Синдаров, юридик фанлари доктори

 

 

 

 

Мавзуга оид