Жамият | 20:51 / 13.04.2017
14407
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда автомобилларни ўмарган гуруҳ аъзоси қидирилмоқда

2017 йил 9 апрель куни Чилонзор туманида автомобиль ўғирлиги содир этилган. Тошкент ИИББда маълум қилишларича, номаълум шахслар Чилонзор тумани фуқароси Р.га тегишли бўлган Матиз русумли автомобилнинг ўнг олд эшигини номаълум жисм билан очиб, салон ичида бўлган 350 минг сўмлик чармдан ишланган спорт пойабзали ва 500 минг сўм нақд пулни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган. 

Ушбу ҳолат юзасидан, Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иш қўзғатилган. Олиб борилган тезкор-тергов тадбири натижасида ушбу жиноятни содир этишда муқаддам ўғирлик жинояти учун судланган Бахтиёр Исмоилов ва бир неча марта ўғирлик жиноятларини содир этганлиги учун қидирувда бўлган Улуғбек Мирсоатовлар гумонланиб, Исмоилов далилий ашё билан қўлга олинган. 

Бундан ташқари, улар 2017 йил 4 февраль куни Шайхонтоҳур туманида фуқаро С.га тегишли Матиз русумли автомашинасидан жами 2 млн 287 минг 400 сўмлик пул ва қимматбаҳо буюмлар, фуқаро М.га тегишли бўлган фуқаролик паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатлар ҳамда муҳрлар ўғирланган. 

2017 йил 6 март куни айни туманда фуқаро Р.нинг Матиз машинасидан жами 1 млн 165 минг сўмлик пул ва буюмлар ўғирланган. Исмоиловга нисбатан ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди, яъни “бир гуруҳ шахслар томонидан ўзгалар мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш” бўйича айблов эълон қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси кўрилган. Унинг иккинчи шериги Мирсоатов Улуғбек шаҳар ИИББ томонидан қидирилмоқда. Шаҳар ИИББ мазкур қидирувда бўлган шахсни кўрган-билганлар бўлса, 102 қисқа рақами ёки яқин орадаги ички ишлар идораларига мурожаат қилишларини сўрайди. 

Мавзуга оид