Жаҳон | 14:07 / 14.04.2017
4689
1 дақиқада ўқилади

Молдова ЕОИИда кузатувчи-давлат мақомини олди

Фото: AFP

Евроосиё иқтисодий иттифоқининг Олий кенгаши Молдовага ЕОИИда кузатувчи-давлат мақомини бериш ҳақидаги қарорни маъқуллади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев олий кенгашнинг кенгайтирилган доирадаги йиғилишида маълум қилган.

Йиғилишда Россия президенти Владимир Путин, Беларусь раҳбари Александр Лукашенко, Қозоғистон - Нурсултон Назарбоев, Арманистон - Серж Саргсян, Қирғизистон - Алмазбек Атамбоевлар бўлган. Унда шунингдек Молдова президенти Игорь Додон ҳам иштирок этмоқда. Аввалроқ Додон Қирғизистон раислигига Молдовага ЕОИИда кузатувчи-давлат мақомини бериш борасида илтимос билан мурожаат қилганди.

"Биз Молдованинг кузатувчи-давлат мақомини олиш борасидаги мурожаатини тор доирада кўриб чиқдик. Евроосиё иқтисодий иттифоқи Олий кенгаши Молдова республикасига Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи-давлат мақомини бериш ҳақида қарор қабул қилди", - дея айтиб ўтган Атамбоев.

Маълумот учун, айни дамда Евроосиё иқтисодий иттифоқига Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир.

Мавзуга оид