Ўзбекистонда рақамли телевидениенинг DVB-T2 стандартига ўтилмоқда
Ўзбекистонда рақамли телевидениега ўтишнинг илк даврларида рақамли телевидениенинг DVB-T стандарти қўлланилган эди. Йиллар давомида телевидение ривожланиб, рақамли телевидениенинг DVB-T стандарти такомиллаштирилиб, DVB-T2 стандарти яратилиши билан мамлакатда ҳам ушбу стандартдаги телеузаткичлар ўрнатила бошлади. DVB-T2 стандартининг DVB-T стандартидан энг асосий афзалликлари сигналнинг халақитбардошлилиги ва узатиладиган каналлар сонини 14-16 тагача етказиш мумкинлигидадир. Ҳозирда инвестиция лойиҳалари асосида республикамизда DVB-T2 стандартидаги рақамли телеузаткичлар ўрнатилмоқда. Шу муносабат билан, жорий йилнинг 2-ярим йиллигидан бошлаб Республикада ўрнатилган DVB-T стандартида ишловчи рақамли телеузаткичлар DVB-T2 стандартига ўтказилиши режалаштирилган. Бу ҳақда “Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази” ДУК Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керак-ки, DVB-T стандартидаги рақамли сигналларни қабул қилишга мослаштирилган телевизор ва тюнер қурилмалари DVB-T2 стандартида узатилаётган теледастурларни қабул қила олмайди. Ҳозирда республика ҳудудларига узатилаётган нодавлат (“Mening Yurtim”, “Мilliy TV”, “Uzreport TV”, “Zo’r TV”) телеканаллари дастурлари DVB-T2 стандартида узатилмоқда. Келгусида ишга тушириладиган янги телеканаллар ҳам DVB-T2 стандартида узатиб берилади.
Шу муносабат билан, мамлакат аҳолиси DVB-T2 стандартидаги рақамли сигналларни қабул қилиш имкониятига эга бўлган телевизор ёки тюнер қурилмаларини харид қилган ҳолда янгидан-янги ишга туширилаётган телеканалларни томоша қилишлари мумкин. Эски авлод телевизорлари ёки
DVB-T стандартидаги сигналларни қабул қилишга мослаштирилган телевизордан фойдаланувчилар DVB-T2 стандартидаги рақамли (“Set-top-Box”) тюнер қурилмасини улаган ҳолда қўшимча телеканалларни кўришлари мумкин.
Тавсия: Телевизор харид қилаётганда, ушбу телевизорда DVB-T2 стандартида ишлайдиган тюнер бор-йўқлигига эътибор қаратиш лозим. Маҳсулотнинг техник тавсифида бу ҳақида батафсил ахборот берилган бўлади. Бундай телевизор рақамли телевидениега уланиш учун ортиқча қурилмаларни талаб қилмайди. Бугунги кунда мамлакатимиз ва хорижда ишлаб чиқарилаётган аксарият телевизорларда DVB-T2 стандартида ишлайдиган тюнерлар мавжуд.
Маълумот учун: Республикада бугунги кунда рақамли телевидениенинг DVB-T2 cтандартида узатилаётган очиқ тўплами таркибида
12 та давлат ва 4 та нодавлат телеканаллар теледастурлари ўрин олган. Очиқ тўплам таркибидаги теледастурларни кўриш бепул.
“Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази” ДУК Ахборот хизмати