Жамият | 12:15 / 15.04.2017
17198
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида юзларига ниқоб кийиб босқинчилик қилганлар қўлга олинди

Оҳангарон тумани ИИБ Навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра,  тунда икки нафар номаълум шахслар, ўзганинг мулкини босқинчилик йўли билан талон-тарож қилиш мақсадида, юзларига ниқоб кийиб,  қўлларига қўлқоп тақиб, Оҳангарон тумани, Убайд қишлоғида яшовчи 1992 йилда туғилган аёлнинг хонадонига кириш эшигини бузиб кирган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жиноятчилар аёлни уриб-дўппослаб, тан жароҳати етказиб, қўл-оёқлари ҳамда оғзини ўзлари олиб келган скотч билан боғлаб, уйидаги  дазмолни қиздириб, танасига босиб, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, уйда мавжуд бўлган 600.000 сўм миқдордаги нақд пулларни ва “SAMSUNG” ҳамда “NOKIA” русумли телефонларини, босқинчилик йўли билан эгаллаб олиб, жиноят содир этган жойидан яширинишган. 

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида ушбу босқинчилик жиноятини  жабрланувчининг яқин таниши А.Фарҳод уюштирганлиги аниқланди. У ўзининг моддий томондан 1. 000.000 сўм миқдорда қарздор бўлган таниши Х.Азизга хонадон эгасининг уйда бир ўзи яшашлигини, уйида 5-6 миллион сўм миқдордаги пул маблағини сақлашини, ундан ташқари  2-3 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ҳам йиғиб қўйганлигини маълум қилиб, уни жиноят содир этишга қизиқтирган. Унга хонадонни кўрсатиб,  қандай кириши ва пул қаерда сақланиши ҳақида аниқ маълумотлар  берган.
  
Қарзидан воз кечиши ҳамда А.Фарҳод маълум қилган катта миқдордаги пул маблағларини қўлга киритиш истаги Х.Азизни тинч қўймади, ўртоғи И.Озоджонни бу ишни биргаликда амалга оширишга ундаган.
Ўзининг ҳис-туйғуларини бошқара олмаган ҳамда осон ва мўмай даромад орттириш пайида бўлган бу кимсалар энди қонун олдида жавоб беришади.

Мавзуга оид