08:15 / 16.04.2017
13978

Олимлар смартфон эгаларида умуртқа чурраси пайдо бўлиши сабабини аниқлашди

Америкалик олимлар смартфон эгалари белларининг юқори қисми ва бўйинларида гаджетлардан фойдаланмайдиганлардан эртароқ оғриқ сезишни бошлашларини аниқлашди. Бу ҳақда The Spine Journal нашрида чоп этилган тадқиқот натижаларига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда

Ортопед-жарроҳлар Тодд Ланман ва Джейсон Куэллар белда қаттиқ оғриқдан ёки умуртқа дискларидаги чуррадан азият чекувчи ёшлар сони ўсаётганини қайд қилишган. Улар рентген тасвирларни таҳлил қилиб, бу беморларда бўйиннинг ноодатий букиклигини аниқлашган. Бунга эса уларнинг кун давомида бир неча соат смартфондан фойдаланишлари олиб келган. 

Олимларнинг фикрича, қўлларда смартфон билан узоқ вақт ўтказувчилар бошларини эгик тутадилар, бу эса умуртқага босимни анча оширади. Мисол учун, одам тик турганда унинг боши 4,5-5,5 килограмм келади, бироқ уни 60 градусга эгганда, умуртқага тушадиган босим 27 килограммга тенг бўлади! 

Олимлар бунинг олдини олиш чораси сифатида смартфон эгаларига бўйинга тушадиган юкламани камайтиришни таклиф қилишмоқда, мисол учун, телефонда матн терилаётганда уни юзнинг рўпарасида, кўзлар билан бир баландликда ушлаш кифоя қилади. Шунингдек, олимлар умуртқа симметрик ва қулай вазиятда туриши учун матнларни иккала қўл бармоқлари билан териш лозимлигини уқтирмоқдалар.

Top