Энди қамоқ жазоси тайинланмайди, бироқ...
Маълумки, 2017 йилнинг 1 апрелидан “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Унга мувофиқ жиноий жазолар тизимига “мажбурий жамоат ишлари” жорий этилиб, “қамоқ” тариқасидаги жиноий жазо тури бекор қилинди, деб хабар бермоқда Қонунчилик палатаси ахборот хизмати.
Жазонинг ушбу турлари ҳақида омма орасида аниқ тасаввур йўқлиги боис, кўпчиликда жиноят содир этганлар ҳам озодликда юриши мумкин экан, деган тушунча ҳосил бўлмоқда. Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Шерзод Тўхташев мазкур масалага ойдинлик киритди:
— Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг жазо тизимида шахс эркинлигини чеклайдиган “озодликни чеклаш”, “Озодликдан маҳрум қилиш” ва “Умрбод озодликдан маҳрум қилиш” жазолари қаторида “қамоқ”жазоси ҳам мавжуд эди.
Қамоқ жазоси – шахсни батамом ажратган шароит остида сақлашдан иборат бўлиб, бир ойдан олти ойгача муддатга тайинланган ҳамда ҳукм чиқарилган жойдаги махсус қамоқ уйларида ўталган. Бундай жазо тури ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан қўлланилган.
Эндиликда, қонунчилигимизга киритилган янгиликларга кўра жазонинг ушбу тури бекор қилинди. Лекин, қамоқ жазосининг бекор қилиниши шахсни эркинлигини чеклайдиган бошқа жазоларни тайинланмаслигини англатмайди.
Шахсни содир этган жиноятининг хавфлилик даражасига қараб озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш жазолари тайинланади.
Озодликдан маҳрум қилиш маҳкумни жамиятдан ажратиб жазони ижро этиш колонияси ёки турмага жойлаштиришдан иборатдир.
Озодликдан маҳрум қилиш бир ойдан йигирма йилгача муддатга белгиланади. Қонунчилигимизга мувофиқ турмага қамаш тариқасидаги озодликдан маҳрум қилиш, жазонинг муайян қисмига, лекин беш йилдан кўп бўлмаган муддатга ўта хавфли рецидивистларга, ҳамда оғир ёки ўта оғир жинояти учун беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан тайинланиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ шахс эркинлигини чеклайдиган барча жазо тури эмас, балки қамоқ жазоси бекор қилинди.
Бунга қамоқ жазосини қўллаш амалиётда етарли даражада профилактик таъсирга эга бўлмаганлиги ҳамда шахсларнинг қайта тарбияланишида самарасини бермаганлиги сабаб бўлди.
Шуни айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида маъмурий қамоққа олиш маъмурий жазонинг бир тури сифатида сақланиб қолди. Маъмурий қамоққа олиш уч суткадан ўн беш суткагача муддатга, фавқулодда ҳолат тартиби шароитида эса, жамоат тартибига тажовуз қилгани учун – ўттиз суткагача муддатга қўлланилади.
Мазкур қонун суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштиришга, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини оширишга, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини оширишга, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Мавзуга оид
16:16 / 29.11.2024
«Темирйўл транспорти тўғрисида»ги қонун имзоланди
11:50 / 20.11.2024
Президент: 100 та эмас, 5 та қонун қабул қилайлик, лекин халқчил бўлсин, халқимизга хизмат қилсин
17:35 / 18.11.2024
Ўзбекистонда омбудсман тўғрисидаги қонун қабул қилинди
09:59 / 13.11.2024