Жаҳон | 07:25 / 19.04.2017
12477
2 дақиқада ўқилади

Таиландда диний байрамлар ҳафталигида 390 одам ҳалок бўлди

Фото:RIA

Таиландда буддавий ой тақвими бўйича Янги йил – Сонгкраннинг бир ҳафта давомида нишонланиши вақтида "хавфли етти кун" – 11 апрелдан 17 апрелгача юз берган 3690 та йўл-транспорт ҳодисасида 390 киши ҳалок бўлди, 3808 киши яраланди. Бу ҳақда мамлакатнинг ички ишлар вазири котиби Крисада Бунрат журналистларга маълум қилди. 

Шу билан бирга, ўтган йилга нисбатан Сонгкран вақтида ўлимлар билан якунланган ЙТҲ миқдори 12 фоизга камайган. Бунратнинг айтишича, ҳукумат бунда байрамлар вақтида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат ўтказган кампаниянинг "муайян муваффақиятини" кўрмоқда. 

2017 йилда Сонгкран нишонланиши вақтида ҳукумат томондан ЙТҲларнинг олдини олиш бўйича мисли кўрилмаган чоралар кўрилди. Жумладан, маст ҳолда бўлган ҳайдовчилардан 7 512 та транспорт воситаси олиб қўйилган. Шунингдек, автомобилдаги барча йўловчиларнинг хавфсизлик камарларини тақиши мажбурий қилингани ҳам ўз самарасини берган. Бунгача Таиландда хавфсизлик камарини автомобиль ҳайдовчиси ва олд ўриндиқдаги йўловчи тақиши мажбурий эди.   

Маълумотларга кўра, барча ЙТҲларнинг 43 фоизи маст ҳайдовчилар айби билан, 28 фоизи тезликни ошириш оқибатида юз берган.  85 фоиз ЙТҲ мотоциклчилар иштирокида содир бўлган. Энг кўп ЙТҲ соат 16.00дан 20.00га юз берган.  

Охирги йилларда Таиланд ЙТҲдаги ўлимлар бўйича дунёда биринчи ўринлардан бирини эгаллаб келади. Бу мамлакатда энг кўп ЙТҲ икки "хавфли ҳафта"га – январда Янги йилнинг ва апрелда Сонгкраннинг нишонланиши вақтига тўғри келади.

Мавзуга оид