17:01 / 19.04.2017
12786

Ўзбекистон Фан ва технологиялар агентлигига янги бош директор тайинланди 

Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигига янги бош директор тайинланди. Бу ҳақда ҳукумат порталида хабар берилди.

2017 йил 13 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-2890-сон қарорига мувофиқ Болтабаев Маҳмуджон Рустамович Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги бош директори лавозимига тайинланган.

Жорий йилнинг 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси тузилиб, унинг зиммасига илмий-техника соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, инновацион сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилаш вазифалари юкланди. 

Мазкур комиссиянинг ишчи органи сифатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги фаолияти тугатилаётган Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги ташкил этилди.

Top