17:53 / 20.04.2017
7533

Сайёр қабулхона: Бектемир ва Мирзо Улуғбек тумани аҳолисининг мурожаатлари ўрганиб чиқилди

Жорий йилнинг 19 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Президентнинг Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек ва Бектемир туманларидаги Халқ қабулхоналари томонидан пойтахт аҳолиси учун навбатдаги сайёр қабуллар ташкил этилди.

Сайёр қабулларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Марказий банк, Бош прокуратура, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мудофаа, Молия, Меҳнат, Адлия вазирликлари, давлат қўмиталари раҳбарлари, Тошкент туманлари ҳокимликлари масъул ходимлари, фуқаролар иштирок этди. 

Тадбирда таъкидланганидек, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи аҳолидан бугунги кунгача жами 18 206 та мурожаат келиб тушган. Соҳалар бўйича ўрганилганда мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой олиш ва уй-жой қуриш учун ер ажратиш, жойларда уй-жойларнинг таъмирга муҳтожлиги юзасидан масаласи бўйича 3 138 та мурожаат (17,2 фоиз), банк-молия масалалари бўйича 1 303 та мурожаат (7,2 фоиз), моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш масалалари бўйича 1 224 та мурожаат (6,7 фоиз), судларда жиноят ишлари, фуқаролик ишлари, хўжалик судларида ишлар кўрилиши бўйича 1 017 та мурожаат (5,6 фоиз), ободонлаштириш ва коммунал хўжалиги масалалари, шу жумладан, йўлларни таъмирлаш масалалари бўйича 843 та мурожаат (4,6 фоиз) келиб тушган.

Келиб тушган мурожаатларнинг 6 706 таси Мирзо Улуғбек туман ҳокимлигига тегишли бўлиб, уларнинг 6 534 таси жисмоний шахслардан ҳамда 172 таси юридик шахслардан келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 5 658 таси (84,4 фоиз) кўриб чиқилган бўлиб, ҳозирда 1 048 та (15,6 фоиз) мурожаат кўриб чиқилиш жараёнида.

Ўз навбатида, Бектемир туманида истиқомат қилувчи аҳолидан бугунги кунгача жами 3 024 та мурожаат келиб тушган. Соҳалар бўйича ўрганилганда мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой олиш ва уй-жой қуриш учун ер ажратиш, жойларда уй-жойларнинг таъмирга мухтожлиги юзасидан масаласи бўйича 663 та мурожаат (21,9 фоиз), моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш масалалари бўйича 188 та мурожаат (6,2 фоиз), банк-молия масалалари бўйича 162 та мурожаат (5,3 фоиз), судларда жиноят ишлари, фуқаролик ишлари, хўжалик судларида ишлар кўрилиши бўйича 152 та мурожаат (5,0 фоиз), суд қарорларининг ижро этилиши масалалари бўйича 187 та (6,1 фоиз), меҳнат ва бандлик масаласи, шу жумладан ишга жойлашиш ва ишга тикланиш масалалари бўйича 132 та мурожаат (4,3 фоиз) келиб тушган.

Келиб тушган мурожаатларнинг 1 183 таси Бектемир туман ҳокимлигига тегишли бўлиб, уларнинг 1 158 таси жисмоний шахслардан ҳамда 25 таси юридик шахслардан келиб тушган. 

Тадбирда таъкидлаб ўтилганидек, бу рақамлар бир томондан халқимизнинг давлат ҳокимияти ва қонун устуворлигига бўлган ишончи ортиб бораётганидан далолат берса, иккинчи томондан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шаҳар ва туман ҳокимликлари масъул шахсларининг халқдан, уни қийнаб келаётган муаммолардан узоқлашиб қолгани, мурожаатлар билан ишлаш соҳасига етарли даражада эътибор қаратмагани каби салбий омиллар чуқур илдиз отиб кетганини кўрсатади. Мазкур мурожаатлар қонунда белгиланган ижро муддатларида кўриб чиқилмаган ва муддати бузилган ҳолда жавоб хати берилган.

Очиқ мулоқотда туманларда мурожаатлар билан ишлаш, одамларнинг ичига чуқур кириб бориш, уларни тинглаш, йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиш борасида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар кескин танқид қилинди. Одамлар дарди билан яшаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиб, фаровон турмушни таъминлаш, хато ва камчиликларга бефарқ бўлмай, уларни бартараф этиш учун жон куйдириш, барча ўз ишига масъулият билан ёндашиш кераклигига эътибор қаратилди.

Top