Оила сирини ошкор қилган йигит ёхуд фош бўлган операция
Алломалар бежиз ароқ ичишдан қайтаришмаган. Балиқчи туманининг Эски Ҳаққулобод қишлоғида яшовчи Қорабой Навкаров (исм-шарифлар ўзгартирилган) онаси билан жанжаллашиб қолиб, ўзича дардини ёзгани улфат қидирди. Синфдоши Олимжон Таваккалов билан ҳамшиша бўлиб узоқ ўтирди. У “Шайтон дориси” таъсирида улфатига “Ошна, онам билан уришиб қолдим, уйда 5 минг доллар пул бор, ҳарж қилгани бермайди” дейди. “Энди ишлагани узоққа кетяпман”, дея “дўсти”га ўз оиласи сирларини валдирайди.
Беш минг доллар “ҳиди”ни олган кўнгли бузуқ Олимтой дўстлик ва қадрдонликни шу заҳоти унутди-қўйди. Синфдоши ишлагани кетганидан сўнг ёлғиз аёл яшайдиган хонадондаги пул уни васваса йўлига бошлади. Охири бу ишни бир ўзи амалга оширгани кўзи етмай, ҳамтовоғи Элбек Норматовнинг ёнига борди. Битта шишани бирга бўшатиб, ўзларича босқинчилик режасини туздилар. Ярим тунда бир ўзи ҳайҳотдай уйда яшаётган аёлни қўрқитиб пулларни олиш учун бошларига қора қалпоқ, бўйниларига қора шарф, қўлларига қора қўлқоп кийишга қарор қилишди.
Шу йилнинг 14 апрель куни тунги соат 01:00ларда икки манфур кимса - синфдош дўстининг уйи ичига киришди. Уйғониб кетган аёлнинг бошига таёқ билан уриб, дўппослаб овозларидан таниб қолмаслиги учун: “Где деньги!” дея сўроққа тутдилар. Оғриқ зарбига чидай олмаган аёл бор-будини уларнинг олдига тўкади. Аёл кишига тан жароҳати етказиб, зуғум ўтказган икки давангир 1млн. 330 минг сўмлик тилла занжир, иккита 700 минг сўм нархидаги узук, 600 минг сўм нақд пул, жами икки миллион сўмдан зиёд бойликни олиб, жиноят жойини тарк этишди.
Жуфт улфат йўл четида ўлжани бўлдилар. Синфдоши уйига бориш режасини тузган Олимтойга кўпроғи тегиб, Элбек тилла тақинчоқлар ва юз минг сўм пулни олди.
Энди улар текин топилган пулга кайф-сафо қила бошладилар. Лекин, уларнинг бу хурсандчилиги икки кунга ҳам чўзилмади. Икки кунда - ҳаром луқма жиғилдонда тўла ҳазм бўлмай унинг сири очилди.
Андижон вилояти, Балиқчи туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор ҳаракатлар давомида ўзганинг уйига ғайриқонуний равишда кириб, мол-мулкини босқинчилик йўли билан талон-тарож қилган кимсалар қилмиши тез орада фош қилинди.
Жиноятчилар энди қилган кирдикорлари учун кечирим сўрашга тушишган. Ушбу жиноий иш бўйича айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Журналист Элмурод Эрматов.
Балиқчи туман ИИБ билан ҳамкорликда тайёрланди
Мавзуга оид
11:34 / 09.12.2024
“Озодликнинг қадрини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди” — афв этилганлар ҳикояси
11:24 / 06.11.2024
ИЖҚКДнинг иқтисодий жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилади
11:12 / 29.10.2024
8 йилгача қамоқ жазоси – Жиноят кодексига «лихорадчик»лар учун алоҳида модда киритилди
21:29 / 27.09.2024