14:48 / 22.04.2017
29540

Тошкентлик шахс танишини 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағга чув тушириб кетди

Тошкентлик Алишер Суннатуллаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) нафсини жиловлай олмагани оқибатида ҳалол йўлдан эгриси томон оға бошлади. Унинг дурустгина тикув цехи бор эди, бироқ топганига қаноат қилмай, мўмай пулни қўлга киритиш ниятида фирибгарликка қўл урди. Энг ачинарлиси, у ўзининг таниши Ғолибжон Хўжаназаровни чув туширди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Одатдаги учрашувларнинг бирида Ғолибжон шаҳарда жойлашган, кўпдан буён фойдаланилмаётган бир бинони сотиб олиб, у ерда тикувчилик цехини ташкил қилмоқчи эканлигини айтиб қолди.

-  Ҳамма нарсанинг иложи бор. Хориждан технология олиб киришга ҳам, жой масаласи бўйича ҳам танишларим бор. Харажатига туриб берсанг, гаплашиб, ҳаммасини ҳал қиламиз, - деди Алишер унга.

-  Гап бўлиши мумкин эмас, харажатидан қочмайман, у томонларини яхши биламан.

Алишер ўзининг гаплари билан гўёки танишини қисқа вақт ичида катта бир корхонанинг раҳбарига айлантириб қўйди.

-  Сизга айтган ишни амалга ошириш учун тахминан қанча маблағ керак бўлади? – деди Ғолибжон.

-  Кўпи билан бир миллиард сўмдан ортиқроқ бўлса, тайёр корхона калити сизга топширилади, - дея ёлғон гапларини худди ростдек қилиб гапирди Алишер.

Шундан сўнг Ғ.Хўжаназаров 2014 йилнинг декабрь ойида 1 млрд. 80 млн. сўм пулни Алишернинг қўлига тутқазади. Орадан бир йил вақт ўтади, аммо А.Суннатуллаев ваъдасини бажариш ўрнига, олган пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборади.

Орадан ўтган вақт Ғолибжоннинг кўнглига шубҳа солади. Шундан сўнг “ҳожатбарор”ни қистовга олди. Бироқ, Алишер жуда ишонарли жавоб қилди.

-  Бу осон иш эмас. Сизга ўхшаганлар жуда кўп. Мен танишларимни ишга солиб қўйганман. Фақат бу ишга яна озроқ пул керак бўлаяпти.

-  Яна қанча керак бўлади, - деди Ғолибжон.

-  Биласиз, нарх-наво кўтарилиб кетди, шунга яна 90 млн. сўм берсангиз, иш битади, - деди Алишер.

Бироқ, бу сафар Ғ.Хўжаназаров бу пулни шунчаки бериб юбормади. Алишер ҳам яна шунча пулни қўлга киритиш учун, яна бир фирибгарликка қўл урди. У номида бўлган бир уйни гаровга қўйиб, банкдан кредит олган эди. Айнан шу ҳовлининг ҳужжатларини Ғолибжоннинг қўлига тутқазиб, яна 90 млн. сўмни олади ва бу пулларни ҳам сарфлаб юборади. Аммо муаммо ечим топмай қолаверди.

-  Бўлмайдиган ишга ўхшайди. Шунинг учун пулларимни қайтариб бераверинг, - дея талаб қилди галдаги учрашувда Ғолибжон.

Бу ҳолат бир неча бор такрорланишига қарамай, А.Суннатуллаев турли важ-карсонларни кўрсатишдан чарчамади. Охир-оқибат сабр косаси тўлган Ғ.Хўжаназаров фирибгарга қонуний чора кўришларини сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилди.

Суд А.Суннатуллаевнинг қилмишига яраша жазо тайинлаб, ҳукм чиқарди. 

Top