00:34 / 30.04.2017
19932

Қирғизистондаги кўчки: одамлар огоҳлантиришларга қарамай, ўз уйларини тарк этишни исташмаган

Қирғизистонда 29 апрелда юз берган кучли кўчки оқибатида 24 киши, жумладан 9 бола ҳалок бўлди. Тош, лой ва муздан иборат миллион куб метрлик кўчки қишлоқлардан биридаги уйларни босиб қолди. Ҳукумат кўчки юз бериши мумкинлигидан огоҳлантирганига қарамай, қишлоқ аҳли ўз уйларини тарк этишни истамаган. Айни вақтда воқеа жойида қутқарув-қидирув операцияси олиб борилмоқда. Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазирлигида селлар такрорланиши мумкинлиги айтилмоқда.      

Кўчки Ўш вилоятининг Ўзган туманида жойлашган Аюу қишлоғидаги бир неча уйни тонгги соат 7 ларга яқин босиб қолди. Бу қишлоқда 1300 киши яшайди. Кўчки қишлоқнинг чеккасидаги 11 та уйни босиб қолган. Уйлардан 7 тасида одам яшаган. Кўчки вақтида улар ҳали уйқуда бўлганлар.

Ҳозирда воқеа жойида 100 дан кўпроқ ҳарбий ва 200 га яқин қутқарувчи ишламоқда. Улар вайроналар остидан одамларни чиқариб олишга уринмоқдалар. Омон қолганлар эвакуация қилиндилар. Табиий офат юз бериши аввалдан прогноз қилинганди ва маҳаллий аҳоли бундан огоҳлантирилган.

"Март-апрель ойларида ходимларимиз бу ерда текширув ўтказиб, аҳолига кетишга кўрсатма берган. Бироқ маҳаллий аҳоли бу жойларни тарк этишга ваъда бериб, буни амалга оширмаган", деб айтмоқда Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири  Кубатбек Бўронов.

Одамлар уйларини тарк этишни, чорвалари, хўжаликларини ташлаб кетишни исташмаган. Кечагина қишлоқ аҳли кўчкиларда ўз ҳаётларига хавф кўрмаган бўлса, бугун бу ерлардан хавфсиз жойларга кетишга интилмоқда. 

Кўчки электр узатиш линияларига шикаст етказган, бунинг оқибатида 700 та уй чироқсиз қолиб кетган. Бош йўл беркилиб қолган. Кўчки оқими тўхтамаяпти, у ҳар соатда кишлоққа 5 метрдан сурилиб келмоқда. Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, хавф даражаси ҳамон юқори.

"Юқорида ёриқлар вужудга келган. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, бу ерда 7 млн куб метр ҳажмдаги тупроқ кўчиши мумкин. Бу жуда улкан массадир ва у қишлоққа катта хавф солади", деб айтмоқда мутахассислардан бири. 

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев қурбонлар яқинларига ва қариндошларига ҳамдардлик билдирди. Унга қутқарув операциясининг бориши ҳақида ҳар соат ҳисобот бериб борилмоқда.

"Бу даҳшатли сабоқдан ҳаммамиз хулоса чиқаришимиз керак. Мол-мулкни жондан устун қўйиш керак эмас. Агар кимгадир ўзининг ҳаёти муҳим бўлмаса, гуноҳга ботмай, фарзандлари ҳақида ўйласин. Нариги дунёга ҳеч ким ўзи билан ҳеч нарса орқалаб кетолмайди", деб куюниб гапирди президент. 

Хавфли ҳудудда 250 та уй қолмоқда. Маҳаллий аҳоли эвакуация қилинмоқда. 30 апрель Қирғизистонда мотам куни деб эълон қилинди.  

Top