23:39 / 20.05.2017
10134

Корея республикасида Ҳаракатлар стратегияси тақдимоти бўлиб ўтди

Шу йилнинг 12-19 май кунлари давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори таркибидаги делегация Корея Республикасига ташриф буюрди. Ташриф доирасида Кукмин ва Ханянг университетлари профессорлари, қатор экспертлар ҳамда Осиё ва Тинч океани минтақаси илмий-тадқиқот Маркази вакиллари иштирокида учрашувлар ўтказилди. Унда асосий эътибор 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясига қаратилди.

Сеул ва Пхенчхан шаҳарларида бўлиб ўтган тадбирларда 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ҳақида батафсил маълумот берилди. Мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва 2017 йилда амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хорижий инвесторлар учун қулай муҳит яратиш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини манзилли қўллаб-қувватлаш, ёшларга оид Давлат сиёсатини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.

Ташриф доирасида Ханянг университетида Осиё ва Тинч океани минтақаси илмий-тадқиқот Маркази вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори ўз тақдимоти билан қатнашиб, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинаётган қарор ва фармонлар натижасида давлат бошқаруви органлари фаолияти янада такомиллашиб бораётгани, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг самарали механизми йўлга қўйилганлиги, давлат раҳбарининг Халқ қабулхоналари ташкил этилганлиги, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, суд тизими ва ички ишлар органлари фаолиятини янада ислоҳ қилишга қаратилган қатор ишлар олиб борилаётганлиги алоҳида таъкидлади.

Тақдим этилган маълумотлар соҳа мутахассислари ва экспертларда катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, Осиё ва Тинч океани минтақаси илмий-тадқиқот Маркази директори жаноб Ом Гу Хо Ўзбекистонда демократик институтлар ва ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини оширишга қаратилган тизимнинг йўлга қўйилганлиги ҳамда демократик ислоҳотларнинг яна бир натижаси сифатида нодавлат нотижорат ташкилот мақомидаги “Тараққиёт стратегияси” марказининг ташкил этилганлигига юқори баҳо берди. Шунингдек, “Тараққиёт стратегияси” маркази билан Ҳаракатлар стратегиясини доирасида ҳамкорликда таҳлилий ва илмий - тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, делегация аъзолари ташриф доирасида Корея Республикаси коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси билан учрашув ўтказишди. Унда Ўзбекистонда кучга кирган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни амалиётга самарали татбиқ этиш бўйича ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Томонлар мазкур йўналиш бўйича яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон ва Корея Республикалари соҳа мутахассислари ва экспертлари ўртасида доимий равишда тажриба алмашишга қаратилган семинар ва яна бошқа тадбирлар ўтказишга келишиб олишди.

Ташриф сўнгида томонлар Ҳаракатлар стратегияси доирасида яқин ҳамкорлик алоқаларини давом эттиришга ҳамда шу йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон ва Корея Республикасининг тадқиқот, таҳлил ва академик доира вакиллари иштирокида Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишларига бағишланган Форум ўтказишга келишиб олишди. Шунингдек, ҳамкорлик доирасида қатор илмий-таҳлилий тадбирлар ўтказиш, малакали экспертларни жалб қилиш ва турли йўналишлар бўйича тадқиқотлар олиб борилади.

 

Top