07:48 / 22.05.2017
7380

Швеция терма жамоаси хоккей бўйича жаҳон чемпионига айланди

Фото: RIA

Швеция терма жамоаси хоккей бўйича жаҳон чемпионати финалида Канада термасини мағлуб этди.

Кёльнда бўлиб ўтган учрашув швециялик хоккейчиларнинг буллитлар сериясидан сўнг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Швеция термаси таркибида Виктор Хедман (40-дақиқа) гол киритган бўлса, канадаликлардан Райан О'Райли (42) шайбани дарвозага аниқ жойлади.

Канада терма жамоаси ўтган йили Россияда қўлга киритилган жаҳон чемпионлиги номини ҳимоя қила олмади. Шведлар эса ўн карра жаҳон чемпионига айланди.

Россия терма жамоаси мусобақада учинчи ўринни эгаллади, Артемий Панарин эса чемпионатнинг энг яхши бомбардирига айланди. Мусобақанинг энг қимматли ўйинчиси, деб швециялик Вильям Нюландер тан олинди.

Шведлар 2013 йилдан бери илк бора жаҳон чемпионати олтин медалларини қўлга киритди. Улар аввалдан турнир фаворити, деб эътироф этилганди. Терма жамоа таркибида АҚШ Миллий хоккей лигасида ўйновчи 16 хоккейчи бор. 

Мусобақада энг кутилмаган натижани эса Финляндия термаси қайд этди. Финлар гуруҳдан қийинчилик билан чиқишди, бироқ чорак финалда АҚШ термасини тор-мор этишди (2:0). Аммо жамоа ўз муваффақиятини давом эттира олмади, ярим финалда шведларга (1:4), бронза учун ўйинда эса – Россияга (3:5) имконият бой берилди.

Top