15:41 / 24.05.2017
31042

Яна бир бойлигимизга путур етмоқда (Ҳабиб Нурмагомедов билан учрашувни кўриб...)

Миллатнинг энг асосий бойликларидан бири бу – тил ҳисобланади. Дунёда қанча миллат ва элат бўлса, шунча тил мавжуд. Тил миллатнинг жаҳонда тутган ўрни, унинг тарихи ва келажагини белгилайдиган мезондир. Унинг йўқ бўлиб кетиши ёки бузилиши миллат маънавиятига, ўзлигига жиддий путур етказади.

Бир воқеа сабаб шу мавзу ҳақида гапиргим келди. Бир қарашда у нарса оддий ёки арзимасдек туюлади, лекин моҳиятан олиб қаралса, бунинг остида катта шармандагарчилик ётибди. 21 май куни аралаш жанг санъати (MMA) устаси, россиялик жангчи Ҳабиб Нурмагомедов ва унинг спортчи дўстлари Тошкент шаҳрига ташриф буюрди. Шу муносабат билан матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. Таъкидлаш жоизки, ушбу матбуот анжумани ҳиссиётларга бой ва қизиқарли ўтди. Аммо ана шу тадбирда одамларимиз ўзлари сезмаган ҳолда бир нарсада нўноқ эканликларини сездириб қўйишди, яъни саломлашиш жараёнида.

Ҳабиб Нурмагомедов доғистонлик. Диний эътиқодига кўра мусулмон. Шунга кўра, унга ва дўстларига савол беришдан олдин одамларимиз сўзларини саломдан бошлашди. Бу жуда яхши, лекин саломни Кавказ оҳанги ва шевасида беришди. Масалан: ўзбекчада “Ассалому алайкум” дейилса шу калом Кавказ шевасида: “Ассаламалайкум” деб жаранглайди. Биз ўзбекмиз, мусулмонмиз. Қадим-қадимдан гапимизнинг боши саломдан бошланган ва бу анъана ҳамон давом этмоқда. Нега энди ўзимизни ўзбек шевасида, ўзбекчасига салом бериш ўрнига Кавказча оҳангда ёки шевада салом беряпмиз? Айб эмасми бу? Арабларда саломлашишнинг “Ас саламу алайка” деган шакли ҳам учрайди, эртага бирор араб меҳмонга ҳам шундай деб салом берамизми?

Бундай бўлишига сабабларнинг энг каттаси сўнгги пайтларда салом нималигини унутиб қўйганимиздир. Тошкент тарафларда “солейкум”, “салом” дейилса, айрим вилоятларда буни ҳам ўринлатишмайди: “Ҳа, яхшими?”, “Эй, зўрми?”, “Қандоқсан?”дан бошланади гаплар. Аммо бирор кавказлик билан суҳбатлашилса (айниқса, у машҳур бўлса) дарров тусланилади: “Ассаламалайкум брат!”. Кулгили ва бачкана эмасми?

Бу баҳсли масала, тилшунослар ундоқ деган, филологлар бундай фикрда дейилиши мумкин. Лекин эслатиб ўтмоқчиманки, бу илмий ёки таҳлилий мақола эмас, шунчаки кечинмалар сарҳисоби. Тўйларда Андижон полкаси ёки Дилхирожга ўйнамаганимизга анча бўлди (ўйнашни ҳам билмасак керак), лекин “Лезгинка”га дастрўмолни ҳилпиратиб ўйнашни, келинлар эса орқасига гул отишни, вальсни, хуллас, кўчирмакашликни қойиллатишга ҳаракат қиламиз. Ҳатто битта тўйда “Горька”нинг гувоҳи ҳам бўлдик. Битта шу саломлашимиз қолганди, шуни ҳам туслашга ҳаракат қиляпмиз.

Боболаримизда бир кестиқли нақл бор: “Бировнинг ноғорасига ўйнама”, деган. Кимлигидан уялган ёки асл кимлигини билмаган инсон ўйинчи инсон. У ким нимани чалса, эшилиб ўйнайверади. Ана шундай бўлмаслик учун, аввало, ўзликни англаши, ўзни ҳурмат қилиш зарур. Шунда миллат қудратли, маънавият мустаҳкам бўлади. 

Сарвар Анвар ўғли

Top