17:53 / 09.06.2017
16367

Тошкентда Архив хизматларини кўрсатиш маркази очилди

2017 йилнинг 9 июнида “Халқаро архивлар куни” тадбирлари доирасида Тошкент шаҳар давлат архивининг Учтепа туман филиали биносида “Ягона дарча” тамойили асосида фаолият юритувчи “Архив хизматларини кўрсатиш маркази” ни очилиш маросими бўлиб ўтди.

Марказнинг асосий мақсади - фуқаролар ва тадбиркорларнинг Тошкент шаҳрининг турли чеккаларида жойлашган архивларга боришдаги оворагарчилигини олдини олишдир.

Сўнгги йилларда республика архив муассасаларига жисмоний ва юридик шахслар томонидан келаётган мурожаатлар сони тобора ортиб бормоқда. Биргина 2015 йилда давлат архивларининг ўзига 191 252, 2016 йилда - 209 429, 2017 йил 1-чорагида 68 482 мурожаат келиб тушди.

Архивларга шахсан ташриф буюрган фуқаролар сони 2015 йилда - 153 376 нафар, 2016 йилда - 175 006 нафар, 2017 йил 1-чорагида – 61 407 нафарни ташкил этди. Келиб тушган сўровларнинг учдан бир қисми, яъни 35% Тошкент шаҳар ҳудудида жойлашган 5та архив муассасаларига тўғри келмоқда. Тошкент шаҳар ҳудудидаги архивларга ташриф буюрувчи фуқароларнинг сони 2016 йилда - 19 600 нафар ва 2017 йил 1-чорагида - 8300 нафардан ортиқни ташкил этди.

Айни вақтда Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви, Ўзбекистон Республикаси Илмий-техникавий ва тиббиёт ҳужжатлари Марказий давлат архиви, Тошкент вилоят давлат архиви, Тошкент шаҳар давлат архиви ва Тошкент шаҳар Идоралараро шахсий таркиб ҳужжатлари марказий архивларига келиб тушаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг сўров ва мурожаатларини бир жойда қабул қилиш, қайта ишлаш, ижрочиларга юбориш, ижросини назорат қилиш, тайёрланган архив маълумотномаларини ўз эгаларига тақдим этиш ишлари янги очилган марказда амалга оширилади. Шунингдек, Марказ мутахассислари томонидан фуқароларга архив фондлари, ташкилотларнинг ҳужжатлари сақланаётган жой манзили тўғрисида тезкор маълумотлар берилади. 

 2017 йилда республика архив муассасаларига 1700 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ҳужжатлари қабул қилинди. Тошкент шаҳар сегментида 5та архив мавжудлиги сабабли тадбиркорлик субъектлари ҳужжатларини архивга топшириш учун архивларнинг ихтисослигини билмаганлиги боис сансалор бўлишига тўғри келар эди. Эндиликда эса марказ мутахассислари томонидан Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларининг архив ҳужжатларини марказлашган ҳолда давлат сақловига қабул қилиш ишлари ҳам амалга оширилади. Мулкчилик шаклидан қатъий назар ташкилотларга ушбу марказ хизматидан фойдаланиб, архив ҳужжатларини сақловга ёки депозитар сақловга топшириш имконияти яратилди. 

 Марказда бир йўла 12 та фуқароларни сўровларини қабул қилиш ва бунда электрон навбат қулайликларидан фойдаланиш жорий этилди. 
Бугун ишга тушган Марказда фуқароларни пенсия таъминоти билан боғлиқ архив маълумотномаларини Сергели туман Пенсия фондига сифатли ва ўрнатилган муддатларда тақдим этиш мақсадида “Архив маълумотномаларини бериш интеграциялашган ахборот тизими” пилот лойиҳаси ишга туширилиши назарда тутилмоқда.

Top