11:00 / 12.06.2017
15153

Ички ишлар вазири хизмат бурчига, қасамёдига хиёнат қилаётган айрим ходимларни танқид қилди 

ИИВ Маданият саройида ички ишлар ходимларининг хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этиши масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари иштирок этди, деб хабар бермоқда “Постда” газетаси.

Тадбирни олиб борган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-майор А.Азизов ички ишлар органлари ходимларига яратилаётган шарт-шароитларга, кўрсатилаётган ғамхўрликларга қарамай, тизимнинг баъзи вакиллари томонидан тамагирлик, порахўрлик каби қонун бузилиш ҳолатлари содир этилаётганини қайд қилди. Бунинг сабаби айрим раҳбарлар қўл остидаги ходимлар билан етарли даражада тарбиявий ишлар олиб бормаётганида эканлигини таъкидлади. 

Айниқса, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари замонавий автомобиллар, хизмат самарадорлигини ошириш учун барча зарур бошқа воситалар билан таъминланганини айтиб, айрим ходимлар яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланиш ўрнига хизмат бурчига, қасамёдига хиёнат қилаётганини танқид қилди. 

Шундан сўнг шахсий таркибга махсус хизматлар томонидан Тошкент шаҳри ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида олинган видеотасвирлар намойиш этилди. Унда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган айрим ходимларнинг тамагирлик қилгани, пора эвазига қоидабузарликларга кўз юмаётгани тасвирланган эди.

Қонунбузарлик ҳолатлари содир этган ходимларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши белгиланди. Қолаверса, уларнинг раҳбарлари ҳам жазосиз қолмаслиги айтилди.

Top