08:15 / 15.06.2017
26516

АҚШда боши бирлашиб кетган сиам эгизаклари муваффақиятли ажратилди

Филадельфия болалар шифохонасида ўттизга яқин тажрибали жарроҳлар икки нафар ўн ойлик қизчани бир-биридан ажратиш бўйича амалиёт ўтказишди. Эрин ва Эбби – энг ноёб турдаги сиам эгизакларидир: уларнинг боши бирлашиб кетган. Амалиёт жуда мураккаб бўлди ва узоқ давом этди. Бироқ, барчаси ижобий якун топди. Опа-сингиллар омадли равишда бир-биридан ажратилди. 

Жарроҳлар жамоаси икки гуруҳга бўлинди. Жарроҳлик ускуналари ҳам ҳар бир бемор учун алоҳида тайёрланди. 

Опа-сингиллар Пенсильванияга Шимолий Каролинадан олиб келинди. Улар 2016 йилнинг июлида дунёга келишган. Эгизакларнинг онаси Хизер фарзандлари қандай бўлишини ҳомиладорлигининг 11-ҳафтасида билди, бироқ ҳомилани олдириб ташлагани йўқ.

Эрин ва Эбби бекорга Филадельфияга олиб келинмади, деб ёзади Indepedent. Бу Филадельфия болалар шифохонасида сиам эгизакларини ажратиш бўйича 23-амалиёт бўлди. Бироқ, филадельфиялик жарроҳлар бир-бири билан боши орқали бирлашган болаларни илк бора ажратишди. Касалликнинг бундай шакли краниопагия деб атади. Танасининг турли қисмлари бирлашиб кетган сиам эгизаклари миллионта туғруқнинг 10 ҳолатидагина дунёга келади. 

"Сиам эгизакларини ажратиш – жуда мураккаб жарроҳлик амалиёти, - дея тушунтирди 7 июнь куни бўлиб ўтган операцияда иштирок этган пластик жарроҳ Жесс Тейлор. – Энди қизчаларни узоқ ва қийин тикланиш жараёни кутмоқда. Биз умид қиламизки, ҳаммаси жойида бўлади".

Top