Жамият | 10:53 / 15.06.2017
32090
15 дақиқада ўқилади

Стив Жобс: «Изланинг ва изланишдан ҳеч қачон тўхтаманг»

Harvard Business Review Apple компанияси асосчиси Стив Жобснинг 2005 йил 12 июнь куни — роппа-роса 12 йил муқаддам Стэнфорд университети битирувчилари олдида қилган машҳур нутқини эсга олди.

Мен сизларга ўз ҳаётимда рўй берган уч воқеани сўзлаб бермоқчиман. Шунчаки уч воқеа, ортиқча бирор нарса эмас.

Улардан дастлабкиси — нуқталарни бирлаштириш ҳақида. Мен Рид-коллежга ўқишга кирганимдан олти ой ўтиб ўқишни ташлаганман, шундан сўнг яна 18 ой мобайнида унга эркин тингловчи сифатида қатнаб юрдим, ана шундан кейингина бутунлай кетдим. Нега мен бундай йўл тутдим?

Ҳаммаси мен туғилмасимдан ҳам ҳам аввалроқ бошланган. Менинг биологик онам ёш аспирант қиз бўлган. У асраб олишса менга яхшироқ бўлади, деган қарорга келган. У мени олий маълумотли инсонлар асраб олишини истаган, ҳаммаси мени бир юрист ўз хотини билан асраб олишига қараб кетаётганида, менинг туғилишимга бир дақиқа қолганида улар аслида қизалоқ хоҳлашаётганини айтиб қолишган. Шу сабабли рўйхатда кейинги бўлиб турган бошқа жуфтлик менга ота-она бўлган. Ярим тунда уларга қўнғироқ қилиб, «Бизда кутилмаганда ўғил бола туғилди. Уни асраб олишни истайсизларми?» деб сўрашган. Улар «Албатта, истаймиз», деб жавоб беришган.

Биологик онам янги ота-онам олий маълумотга эга эмаслигини билиб қолганида, у асраб олишга оид сўнгги ҳужжатларни имзолашдан бош тортади. Онам фақатгина ўгай ота-онам қачондир мен коллежга ўқишга киришимни ваъда беришганидан сўнггина ҳужжатларга имзо чекади.

17 йил ўтгач, мен коллежга ўқишга қабул қилиндим. Бироқ мен гўллик билан Стэнфорд сингари жуда қиммат коллежни танладим, ишчилар синфидан бўлган ота-онамнинг барча жамғармалари ўқишимга сарфлана бошланди. Орадан олти ой ўтгач, таълим олишда бирор қадр кўрмаслигимни тушуниб етдим. Мен ўз ҳаётим билан нима қилишни билмадим ва коллеж бу борада менга нима ёрдам беришини ҳам англамасдим. Мен, шунчаки, ота-онам умр бўйи йиққан пулни сарфлаётгандим.

Ана шундай кунларнинг бирида коллежни ташлашга қарор қилдим. Мен ҳаммаси бирор йўл билан ўз ўрнига тушишига ишонардим. Ўша пайтлар менга жуда қўрқинчли туюлаётганди, бироқ ҳозир ортга назар ташлаб айтишим мумкинки, бу ҳаётимда қабул қилган энг чиройли қарорларимдан бири бўлган экан. Ўқишни ташлаганимдан сўнг мен фақат ўзимга қизиқ бўлган машғулотларгагина қатнай бошладим.

Бу ерда ҳеч қандай романтика йўқ эди. Менда яшашга ҳам жойим йўқ эди, шу сабабли дўстларимникида, полда ухлардим. Мен қорним тўйиши учун Коладан бўшаган шишаларни 5 центдан топширардим. Бироқ бу ҳол менга ёқарди. Ўшанда мен тўқнаш келган нарсаларнинг аксариятига ўзимнинг қизиқувчанлигим ва интуициям туфайли эришганман ва бу бебаҳо ҳаётий тажриба бўлган.

Битта мисол келтираман. Рид-коллеж ўша пайтда каллиграфияга ўргатувчи мамлакатдаги энг яхши ўқув даргоҳларидан бири бўлган. Коллеждаги ҳар бир постер, яшиклардаги ҳар бир ёрлиқ ўта чиройли каллиграфик ҳуснихат билан ёзилган эди. Мен оддий машғулотларга бормасам ҳам, каллиграфияни ўрганишга қарор қилдим. Мен кертикли ва кертиксиз гарнитуралар, ҳарфлар ўртасидаги бўш жойнинг турли катталиги — хуллас, буюк топографияни буюк қилувчи барча нарсаларни ўргандим. Бу ҳеч бир фанга бўйсунмас ажойиб тарихий ва бадиий билим эди ва у мени буткул мафтун этиб бўлганди.

Бу билимлар кейинги ҳаётимда асқотишига бирор имконият йўқ эди, бироқ 10 йил ўтиб, Macintosh учун дизайн яратаётганимизда бу билимларнинг барчаси яна хаёлимда жонланди ва уни Mac’нинг дизайнига жо қилдик. Бу ажойиб топографикага эга илк компьютер эди. Агар мен ўқишни ташламаганимда, коллеждаги бу курсга қатнамаганимда, Mac’да ҳеч қачон бундай шрифтлар бўлмас эди. Windows шунчаки Mac’дан нусха кўчириб олгани эътиборга олинса, бундай шрифтлар бирорта шахсий компьютерда бўлмасди. Хуллас, коллеждан кетмаганимда мени бу каллиграфия курсига ёзилмасдим, шахсий компьютерлар ҳеч қачон ажойиб топографикага эга бўлмасди. Ўз-ўзидан, коллеждаги машғулотларга қатнаб юрганимда келажакка қараб бу нуқталарни бирлаштиришнинг иложи йўқ эди, бироқ бу 10 йил ўтиб мутлақо аниқ кўринишга келди.

Яна бир бор такрорлайман: сиз олдинга қараб нуқталарни бирлаштира олмайсиз, фақатгина ортга қараб уларни бирлаштирасиз. Бу эса нуқталар келажакда қандайдир йўл билан бирлашишига ишонишингиз кераклиги билдиради. Сиз инстинкт, тақдир, ҳаёт ва яна нималаргадир ишонмоғингиз керак. Бу ёндашув ҳали ҳаётимда менга бирор марта панд бермаган.

Менинг иккинчи ҳикоям — муҳаббат ва йўқотиш ҳақида. Мен бахтли эдим, мен ўзимга нима ёқишини жуда эрта англаганман. Стив Возняк ва мен Apple’ни ота-онамнинг гаражида, 20 ёшга тўлган чоғимда яратганмиз. Биз кўп ва хўб ишладик ҳамда 10 йил ичида Apple икки кишилик фирмадан  2 млрд. долларлик ва 4 минг ходимга эга компания даражасига етди. Биз ўзимизнинг энг яхши маҳсулотимиз — Mac’ни энди-энди ишлаб чиқарганимизда мен 30 ёшда эдим — ана шундан кейин... мени ишдан бўшатишган.

Ўзинг асос солган компаниядан сени қандай қилиб бўшатишлари мумкин? Apple ўсаётган истиқболли компания эди ва биз уни равнақ топтириш учун менга ўта иқтидорли кўринган инсонни ёлладик. Бошида ишлар яхши кетаётган эди, кейинчалик қарашларимизда фарқ юзага кела бошлади, алал-оқибатда биз урушиб қолдик. Бу воқеа рўй берганида директорлар кенгаши унинг нуқтаи назарини ҳимоя қилиб чиқди. Мана, 30 ёшдаман ва ишдан бўшатилдим, бўшатилганда ҳам катта можаро ортидан. Бутун онгли ҳаётим мазмуни бўлган нарса йўқ бўлди, бу эса ўта аламли эди.

Бир неча ой нима қилишни билмай юрдим. Мен ўзимга берилган эстафета таёқчасини қўлимдан тушириб юбориб, олдинги авлодга оид бизнесменларнинг умидини пучга чиқарганимни англаб турар эдим. Мен Дэвид Паккард ва Боб Нойс (Hewlett-Packard ва Intel асосчилари) билан учрашдим ва содир бўлган вазият юзасидан улардан узр сўрамоқчи бўлдим. Мен жуда оммавий тарзда шарманда бўлган эдим, шу сабабли Водийдан қочиб чиқиб кетишни ҳам ўйлай бошлаган эдим. Бироқ шу вақтнинг ўзида ичимда нимадир қайта туғила бошлади. Мен ҳамон ўзим қилаётган ишни севардим: Apple’да юз берган воқеалар бунга заррача таъсир кўрсата олмаганди. Мени рад этишди, бироқ мен ўз ишимни севардим, шу сабабли ҳаммасини янгидан бошлашга қарор қилдим.

Ўшанда мен буни англамаган эканман, бироқ Apple’дан бўшатилишим ҳаётимда рўй берган энг ажойиб ҳодиса бўлган экан. Муваффақиятлилик юки ҳеч нарсада буткул ишончи бўлмаган янги бошловчининг осонлиги билан алмашди. Бу воқеа мени озод қилди ва ҳаётимдаги энг ижодкорлик даврини бошлаб берди. Кейинги беш йил ичида мен NeXT ва Pixar компанияларига асос солдим, кейинчалик умр йўлдошимга айланган ажойиб қизни севиб қолдим. Pixar «Ўйинчоқлар воқеаси» — компьютерда чизилган илк мультфильмни оммага намойиш этди. Айни пайтда Pixar — жаҳондаги энг муваффақиятли анимацион студия ҳисобланади. Ажойиб воқеалар кетма-кетлигидан сўнг Apple NeXT’ни сотиб олди ва биз NeXT’да яратган технологиялар Apple’нинг қайта туғилиши учун асос бўлиб хизмат қилди. Лорейн иккимиз эса ажойиб оилага асос солдик.

Мен аниқ аминманки, агар мени Apple’дан ҳайдаб юборишмаганида буларга эриша олмас эдим. Албатта, бу ўта аччиқ дори экан, бироқ беморнинг унга эҳтиёжи бор эди. Баъзан ҳаёт бошингга тош билан тушириб қолар экан, бироқ сен ишончни йўқотмаслигинг керак. Мен аминманки, ўзим қиладиган ишни севганим учун давом эттиришга қодир бўлганман. Ўзингиз севган нарсаларни топинг, сиз севадиган кишини топинг. Сизнинг ишингиз ҳаётингизни катта қисмини қамраб олади ва ундан лаззатланишнинг биргина йўли бор — ўз ишингиз ажойиб эканлигига ишониш. Ажойиб ишда ишлашнинг эса биргина йўли бор — ўзингиз қилаётган ишни севиш. Модомики, ўзингиз севадиган нарсани топа олмаган экансиз, изланишда давом этинг ва асло тўхтаманг. Қалб амрига бўйсунувчи барча ишларда бўлгани  каби, сиз уни топган заҳоти тушуниб етасиз. Йиллар ўтиши билан у сизга тобора ёқаверади, шу сабабли изланинг ва асло тўхтаманг.

Менинг учинчи ҳикоям — ўлим ҳақида. Мен 17 ёшга тўлганимда қаердандир ўқиб қолувдим: «Агар сиз ҳар бир кунни сўнгги кундек яшасангиз, кун келиб ҳақ бўлиб чиқасиз». Бу гап менда қаттиқ таассурот қолдирган. Кейинги 33 йил ичида мен ҳар куни эрталаб кўзгуга қараб туриб ўзимга савол беришдан чарчамадим: «Агар бугун ҳаётимдаги сўнгги кун бўлса, мен бугун қилишим керак бўлган ишни қилишни истармидим?» Кўп кунлар мобайнида «йўқ» жавоби янграрди ва мен ниманидир ўзгартириш кераклигини билардим. Мен тез орада ўлишим мумкинлиги ҳақидаги фикр — ҳаётда бир қарорга келишимда кўмак берувчи қуролларимнинг энг муҳимидир, чунки ҳамма нарса: ўзгаларнинг умиди, мағрурлик, муваффақиятсизлик ёки қийинчиликлар олдида ваҳимага тушиш — буларнинг барчаси ўлим сурати олдида чекинади ва ҳақиқатдан ҳам муҳим нарсаларга ўрин бўшатиб беради. Эслаб қолинг: ўлим ҳақида бохабарлигингиз — ниманидир йўқотаётганлигингиз ҳақидаги фикрлардан халос бўлишнинг энг яхши йўли саналади. Сиз бу ҳолатда энди ҳеч вақосиз яланғочсиз, шу сабабли ўз қалбингизнинг овозига қулоқ тутмасликдан бошқа иложингиз йўқ. 

Бир йилча муқаддам менда саратон хасталигини аниқлашди. Мен эрталаб соат 7:30да фотосуратни олдим. У ошқозон ости безимдаги ўсмани очиқ-ойдин кўрсатиб турарди. Ўша вақтда мен ошқозон ости бези нималигини ҳам билмасдим. Врачлар бундай турдаги саратонни тузатиб бўлмаслигини ва кўпи билан тўрт-олти ой умрим қолганини айтишди. Докторим уйга бориб, ҳамма ёқни тартибга келтиришимни — дўхтирлар тили билан айтганда «ўлимга тайёргарлик кўришим»ни — кейинги 10 йил ичида болаларимга айтмоқчи бўлган гапларни кейинги ойлар ичида гапириб олишни, оилам билан видолашиш осон бўлиши учун имкони бўлган барча ишлар амалга оширилганидан кўнгилни тўқ қилишни маслаҳат берди.

Менинг бутун куним шу ташхис билан ўтди. Кечқурун менинг устимда биопсия амалини бажаришди: томоғим орқали эндоскоп киритишди, уни ошқозон ва ичакларим бўйлаб йўналтиришди, ошқозон ости безимга нина санчишди ва ўсимта ҳужайрасидан бир неча намуна олишди. Мен наркоз остида эдим, хотинимнинг айтишича, ҳужайраларни микроскоп остида кўрган врачлар йиғлашган, чунки бу ошқозон ости саратонининг жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин бўлган ўта ноёб шакли экан. Мени операция қилишди ва айни пайтда соғлигим жойида. Мен ўлимга жуда яқинлашдим ва умид қиламанки, кейинги бир неча ўн йиллар унга бошқа яқинлашмайман.

Буларнинг барисини бошимдан кечириб, нақадар мушоҳадага асосланган бўлмасин, ўша — ўлимни эслаш фойдали бўлган пайтларга нисбатан юксакроқ ишонч билан айтишим мумкинки, ҳеч ким ўлишни истамас экан! Арши аълога чиқишни хоҳловчи инсонлар ҳам ўлишни исташмайди. Яна бир нарса. Ўлим — барчамизнинг бошимизда бор синоат. Ҳеч ким ундан қочиб қутулолган эмас, шундай бўлиши ҳам керак, чунки ўлим — ҳаётнинг энг ажойиб ихтироси, бу ҳаётдаги ўзгаришлар вакили. У эски нарсадан тозалаб, янгисига йўл очади. Ҳозир янги нарса — бу сизсиз, бироқ аста-секин, вақт ўтиши билан эскига айланасиз ва сиздан ҳам қутулишади. Драматизм учун афв этгайсиз, лекин бу айни ҳақиқат. Сизнинг вақтингиз чегараланган, шу сабабли уни бегонаю ўзгаларнинг ҳаёти билан яшашга сарфлай кўрманг. Бошқаларнинг фикри билан яшашга мажбурловчи догмалар қопқонига тушманг. Ўзга фикрлар шовқини ўз ички овозингизни босиб ташлашига йўл қўйиб берманг. Ва энг асосийси — интуициянгиз ва қалбингиз амрига бўйсуниш учун ўзингизда куч топа олинг. Улар қандайдир йўл билан сизнинг ҳақиқатда ким бўлишингиз кераклигини жуда яхши билишади. Қолган барчаси иккиламчи.

Ёшлигимда «Бутун она Ер каталоги»дек ажойиб китоб нашр этиларди ва бу менинг авлодим учун ўзига хос муқаддас китоб эди. Уни Стюарт Бранд исмли йигит ўйлаб топган. У китобни назмий кўринишда чоп этган эди. 60-йиллар охири эди, шахсий компьютерлар ва ноширлик тизимлари ҳали мавжуд эмасди, шу сабабли каталоглар ёзув машинкалари, қайчи ва полароидлар ёрдамида тайёрланарди. Бу Google пайдо бўлишидан 35 йил муқаддам қоғоздаги Google сингари бир нарса эди. Идеалистик, қулай йўриқномалар билан тўлдирилган ва буюк ғояларга бой китоб.

Стюарт ва унинг жамоаси «Бутун она Ер каталоги»нинг бир неча номерларини чиқаришди, сўнгра, улар учун ҳаммаси поёнига ета бошлагач, якуний сони чиқди. 70-йиллар ўрталари эди, мен сиз ҳозир неча ёшда бўлсангиз шу ёшда эдим. Сўнгги сон муқовасининг орқа қисмида улар тонгги қишлоқ йўлининг суратини жойлаштиришганди. Агар сиз автостопга қизиқсангиз, мана шунақа йўлларда машина ушлашга уриниб кўрган бўлсангиз керак. Фотосурат остида тагсўз бор эди: «Очлигингизча қолаверинг. Қизиққонлигингизча қолаверинг». Бу уларнинг хайрлашув номалари эди. Мен ҳар доим ўзимга оч ва бемулоҳаза бўлиб қолишни тилаганман. Энди эса сиз ўқишни тугатиб, янги ҳаёт бошлашга тайёр бўлиб турган экансиз, сизларга ҳам мана шуни тилайман: очлигингизча қолинг, бемулоҳазалигингизча қолинг.

Мавзуга оид