10:31 / 16.06.2017
11377

Жиззахда талончи директор фош этилди

Раим Жуманов (исм-фамилияси ўзгартирилган) мактаб директори лавозимида бинойидек ишлаб келарди. Кейинчалик уни нима жин уриб, мактабда ишламаган укасига 319 минг 632 сўмлик иш ҳақи ёзди. Келинини ҳам фаррош сифатида ишга қабул қилиб, унга 449 минг 120 сўм иш ҳақи тўлади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Булардан ташқари, унинг хорижда ишлаган айрим фуқаролар учун иш ҳақи ёзиб, бюджетдан ажратилган биринчи даражали тўловлар учун 15 млн. 421 минг 818 сўмлик пул маблағларини талон-торож қилгани аниқланди.

Бундан ташқари, Раим Жуманов тегишли қонун ҳужжатларига зид равишда ўзига ва бир нечта ўқитувчиларга рағбатлантириш ва моддий пулларни тўлагани оқибатида 5 млн. 243 минг 141 сўмлик маблағнинг нотўғри тўланишига сабабчи бўлгани маълум бўлди.

Шунингдек, унинг мактаб ўқитувчиларига устама ҳақларининг ва 16 нафар ўқитувчига иш ҳақларининг нотўғри тўланишига йўл қўйгани натижасида 24 млн. 850 минг 291 сўмлик ўзгалар мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилингани аниқланди.

Суд томонидан ушбу қонунбузарга нисбатан одилона ҳукм ўқилди.

Top