Жамият | 19:09 / 21.06.2017
23078
3 дақиқада ўқилади

“Ҳаракатлар стратегияси” бўйича миллий мукофот эълон қилинди

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган тадбирларни самарали ижро этиш, амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчилик эътиборига тезкор ва сифатли етказишни рағбатлантириш, давлат ва халқ ўртасидаги очиқ мулоқотни янада фаоллаштириш мақсадида “Ҳаракатлар стратегияси”” миллий мукофоти эълон қилинади!

Миллий мукофот доирасида Ҳаракатлар стратегиясининг 5 та устувор йўналишида қуйидаги номинациялар бўйича энг кучлилар аниқланади:

•  Энг яхши журналистик материал;
•  Энг фаол матбуот хизмати;
•  Энг самарали фаолият олиб борган ташкилот;
•  Энг яхши ижтимоий медиа-маҳсулот.

Шунингдек, Ҳаракатлар стратегияси доирасида 

•  Йилнинг энг яхши тадбири;
•  Йилнинг энг яхши ёшлар лойиҳаси;
•  Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширишга қаратилган йилнинг энг яхши лойиҳаси;

каби махсус номинациялар бўйича ҳам ғолиблар тақдирланади. 

Ғолиб ва совриндорларни аниқлаш жараёнини очиқ ва адолатли ташкил этиш мақсадида ҳар бир йўналиш бўйича махсус комиссиялар тузилиб, турли манбалардан, жумладан, Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар, Давлат дастури ижроси мониторинги таҳлили натижаларига асосан баҳоланади.

Саралаш жараёнини шаффоф ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида ўтказиш мақсадида иштирокчилар учун онлайн ва СМС овоз бериш тизими жорий этилади. 

Саралаш босқичларида дастлабки овоз бериш натижаларига кўра, ҳар бир номинациядан энг юқори натижа кўрсатган 5 тадан номзод аниқланади ва ҳар бир номзод учун онлайн ва СМС овоз бериш йўлга қўйилади.

Якуний босқичда комиссия аъзолари дастлабки онлайн ва СМС овоз бериш натижалари, шунингдек, бир қатор объектив манбалардан олинган таҳлил натижаларига асосланиб, ғолиб ва совриндорларни эълон қилади.

Тантанали тақдирлаш маросими шу йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтади.

Маълумот ўрнида: Ушбу танлов айни дамда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Мазкур миллий мукофотни таъсис этиш бўйича таклиф ва мулоҳазаларни info@strategy.uz манзилига юбориш мумкин.

Мурожаат учун телефон: +998712390191.

Мавзуга оид