Спорт | 16:13 / 21.06.2017
110540
6 дақиқада ўқилади

Хайрулла Ҳамидов: “Огоҳлантиришсиз чалинган қўнғироқ”

Қўнғироқ чалинди.

Тўққиз йил олдин мактабга қадам қўйган болакай бу йил тугатди. Лицей ё коллежга тараддуд кўрмоқда.

2008 йили илк бора Олтин тўпни олган Криштиану 2009 йили Мадридга келди ва ҳаммаси шундан бошланди. Месси ҳам тинчгина ўтирганди, “Барселона” ўз қасрини бировларни аралаштирмасдан қурмоққа киришган паллалар эди. Испания осмонида бирдан момақалдироқ гулдиради. МЮда қип-қизариб пишган Роналдуга оқ либос кийдирилаётган лаҳзалар... Ҳали у қандай курашга, қандай жанг майдонига кириб келганини ўша пайтда билмасди. Ҳеч ким билмасди. Ҳаш-паш дегунча, тўққиз йил ўтибди шу ҳодисага.

Ҳозир мен икки юлдузнинг ўзига хос жиҳатларини санаб ўтирмоқчи эмасман. Менсиз ҳам барча билади бу гапларни. Олтин тўпни тўққиз йилдан бери бўлишиб келаётгани эса, футболга қизиқмайдиганларга ҳам маълум. Ҳозир гап умуман бошқа масалада. Роналду “Реал”дан кетмоқда деган хабарнинг қандай қарши олинганида. Бошида ҳазил маъносида, сўнг жиддий оҳангда тарқалган хабарлар борган сари одамни ўйлантириб қўймоқда.

Криш “Реал”дан кетиш - кетмаслиги номаълум. Бироқ шу қисқа вақт ичида бизга бошқа нарса маълум бўлиб қолди – футбол ҳали тайёр эмас экан бу айрилиққа. Ҳатто Месси азалий рақобатчисининг Мадриддан кетишига хайрихоҳ эмас экан, эшитяпсизми, Қирол Лео ҳам! У ўз сайёрадошисиз ерликлар ичида нима қиламан, деган маънода “қолишига кўндириб кўраман”, деб интервью берди. Мухлислар Испания судини ўша ордона қолгур пулдан воз кечишини истаб петиция уюштиришяпти, демак мухлислар олами ҳам ҳали тайёр эмас эканлар.

Ўша Мактаб биз билан хайрлашмоқчи. Бу мактабнинг биз ўқиган даргоҳдан фарқи шундаки, у олдиндан хайрлашиш қўнғироғини чалмади. Кутилмаганда эълон қилди. Шуниси ёмон бўлди. Тайёрланиб ҳам олмагандик бу айрилиққа.

2009 йилга довур давом этиб келган авлод буткул бошқа мактабда ўқиган. У давр мактабида “биринчи “пахан”ликка кечадиган курашлар кўпгина юлдузлар ўртасида кечарди. Зидан, Роналдо, Роналдиньо, Ривалдо, Баджо ва яна шу даражадаги ўнлаб юлдузлар курашини кўрардик. У мактабни иккига бўлиб қўйишнинг иложи йўқ эди. Ҳов анови Бобурга Шевченко ёқса, Шомаҳмуд Дель Пьеронинг зарбаларидан сармаст эди. Шуҳрат Роналдиньо либосини кийиб юрса, укаси Асадга Раулнинг еттилиги ярашиб турарди. Умрида Олтин тўп олмаган юлдузлар ҳам эл ардоғида эди. Шу пайтгача ҳеч ким Бекҳэмни, Раулни ё Дель Пьерони нима учун “Франс футбол” тақдирламаган деб хафа ҳам бўлмасди, чунки у пайтнинг ўлчовлари тўғри эди. Аниқроғи, у даврнинг ўн йиллаб бир хил даражада ёввойи ўйин кўрсатадиган қўшдаҳоси йўқ эди. Эҳтимол шунинг учун ҳам шуҳрату шон ҳаммага етарли эди. Бизни мана шунақа самимий ёшлик сийлаганди, билсангиз.

Ҳозирги авлодга қийин бўлди. Бутун мактабга иккита либос тарқатиб чиқилди. Мажбурий. Ярми – “Барса”нинг 10-рақами, ярми – “Реал”нинг 7-рақами. Тамом. Бэйл, Неймар, Суарес, Азар деб ёзилган либосларнинг харидорларини кундуз чироқ ёқиб-да топиб кўринг-чи! Нари борса, бу майкаларни “Месси” ва “Роналду” либосини олганларга қайтим сифатида берадиган бўлишди. Бундоқ тарафкашлик вужудга келгач, барча муомала, муносабат шу мезон бўйича ўлчанадиган бўлди. Мессичи ва роналдучи деган тоифа ажралиб чиқди футболдан.

Ўғлим билан футбол ҳақида кўп гаплашаман. У мендан ёшлигимизни сўраганида, ҳозирги ўлчов ва тушунча билан савол йўллайди: “Сиз Баджони яхши кўраман деганингизда, ўртоқларингизни жаҳли чиқиб кетармиди?” Йўқ, болам, бизда унақа тушунча бўлмаган, дейману, унинг бу ҳолатни тушуна олмаётганини кўриб индамай қўя қоламан. Унинг фикрича, мухлис дегани ё уёғлик, ё буёғлик бўлиши керак. Учинчи йўл йўқ.

Месси ва Роналду футболни, унинг тушунчаларини шу таҳлит ўзгартириб юборишди. Кака “охирги ерликман” деганида ҳам жон бор. Бу икки ўғлоннинг иши олдинги ерликларнинг ишига ўхшамади. Улар бир-бирларидан куч олиб, шу энергияни бир-биридан ўзиш учун ишлатишди. Даҳшат! Тўққиз йил. Ҳақиқий мактаб...

Ҳозир ана шу кураш тугаши мумкин. Сўнгги қўнғироққа қўл узатилди. Чалиниши мумкин. Бундай пайтда нима қилиш ё нима дейиш керак?

Менимча, Месси Роналдуга ажойиб тўқнашувни вужудга келтириб бергани учун раҳмат айтиши керак.

Роналду ҳам Мессига – Худо берган иқтидорини юз фоизга намойиш этиб бергани учун ташаккурнома йўллаши шарт.

Иккаласи биргалашиб қиладиган иш – бошқа барча ўйинчиларга миннатдорчилик билдирмоқ, ки уларга халақит бермаганлари учун, аниқроғи халақит бера олмаганлари учун.

Мактаб даври қизиқарли ўтганини йиллар ўтиб, кейин биламиз одатда. Буларники ҳам шунақа. Ҳозир сезилмас, аммо сал кейин... Худди ҳиндларнинг тушунчасини ўзгартирган ПиКей ўз сайёрасига кетаётгандаги, кузатиб қўйган қизнинг ҳолатига тушиб қолсак керак ҳали, билмадим. Мазкур даврнинг жонли гувоҳлари тариқасида бугунги авлод ҳам айнан шу икки юлдуздан рози бўлиб, қўл силтаб қўйишсин. Чунки биттасининг курашдан чиқиб кетиши иккинчисини ҳам ўзи билан олиб кетаётгандек таассурот уйғотмоқда.

Қўнғироқ чалинди. Дарс тугади!!!”

Шуларни ўйлаб ўтирибману, хаёлимга дабдурустдан мактаб 11 йиллик бўлгани эсимга тушиб қолди. Балким “лицей”га кетмай турарсан. Рони?!

Мавзуга оид