Ўзбекистон | 15:02 / 22.06.2017
16426
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Конституция кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш бошланди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишни имзолади. Ҳужжат матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан тақдим этилди.

“Халқимиз сиёсий тафаккурининг ноёб намунаси бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, фуқароларимизнинг ҳукуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларининг мустаҳкам кафолати сифатида юртимизда бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган хукуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаши борасида асосий пойдевор бўлиб келмокда”, - дейилади фармойишда.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури ва республика ташкилий қўмитаси тасдиқланди. 

Ташкилий қўмита дастурда кўзда тутилган тадбирларнинг Ўзбекистондаги барча давлат ва нодавлат ташкилотларини, кенг жамоатчиликни фаол жалб этган ҳолда, юкори савияда ўтказилишини таъминлайди;

давлат идоралари ва муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг Дастурда кўзда тутилган тадбирларни амалга оширишга доир фаолиятини ташкил этади ва мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг норма ва тамойиллари ҳаётга татбиқ этилишини, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик, социал-иктисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга ҳуқуқий замин бўлиб хизмат килаётган асосий қонуннинг аҳамиятини ҳаётий мисоллар билан очиб беришга бағишланган туркум тадбирларни ташкил этади ва бу борада амалга оширилаётган салмоқли ишлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминлайди.

Бундан ташқари, ташкилий қўмита Молия вазирлиги билан биргаликда Дастурни амалга оширишни молиялаштириш манбалари ва ҳажмини белгилайди;

ўн кун муддатда Дастурда белгиланган тадбирларни ўз вақтида ва юқори савияда амалга ошириш учун тегишли ишчи гуруҳлар таркиби, комплекс чора-тадбирлар режасини тасдиқлайди ва амалга оширишга киришади.

Ушбу фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов зиммасига юкланди.

Мавзуга оид