09:06 / 30.06.2017
6287

Қирғизистонда мактабларнинг 5 кунлик таълимга ўтиши депутатлар томондан маъқулланди

Фото: Time.kg

Қирғизистонда мактабларнинг 5 кунлик таълим ҳафтасига ўтилиши депутатлар томондан биринчи ўқишда маъқулланди. Ушбу қарор Жогорку Кенеш йиғилишида қабул қилинди. 

"Ривожланган ва ривожланаётган давлатлар қаторига кирувчи Европа давлатлари, АҚШ, Жануби-Шарқий Осиё ва бошқа кўплаб давлатларда мактабларда 5 кунлик таълим кўзда тутилган. Баъзи давлатлар ҳаттоки 4 кунлик таълимга ҳам ўтган. Қозоғистонда президент фармони билан мактабларни 5 кунлик таълимга ўтказиш жараёни бошланган", деб айтилган қонун лойиҳасига асосномада. 

Ушбу ғоя ташаббусчиларининг фикрича, 6 кунлик таълимдан 5 кунлик таълимга ўтиш ўқувчиларга тушаётган юкламани камайтиришга, ўқитувчиларга эса дам олиш учун қўшимча бир кун олишга имкон беради.

Қонун лойиҳасига кўра, давлат ва ҳудуддий умумий ўрта таълим муассасаларида ушбу қонун кучга кириши билан 5 кунлик таълим ҳафтаси қуйидаги муддатдан жорий қилинади:

- умумий бошланғич таълим олувчи ўқувчилар учун 2017 йил 1 сентябрдан; 

- умумий ўрта таълим олувчи ўқувчилар учун 2018 йил 1 сентябрдан.

Top