Ўзбекистон | 15:10 / 01.07.2017
71847
4 дақиқада ўқилади

23 йиллик муомала

Бугун, 1 июль куни Ўзбекистон миллий валютаси – сўмнинг муомалага киритилганига 23 йил бўлди.

Сўмнинг муомалага киритилиши Ўзбекистон пул муомаласи ва ҳисоб-китоблар тизимини ташкил этиш ҳамда республика иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Миллий валюта пул белгиларини муомалага чиқариш ва унинг барқарорлигини таъминлашни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 122-моддаси ва “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг 1993 йил 3 сентябрдаги 952-ХII сонли қарорига мувофиқ 1994 йил 1 июлдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний тўлов воситаси бўлган миллий валюта — “сўм“ муомалага киритилди.

Ўшанда 1, 3, 5, 10, 25, 50 сўмлик қоғоз банкноталар ҳамда 1, 3, 5, 10, 20 ва 50 тийинлик тангалар муомалага киритилган эди. 1997 йилнинг 1 мартидан 200 сўмлик банкнота ҳамда 1, 5 ва 10 сўмлик тангалар муомалага киритилди. 2000 йилнинг 1 июнидан 500 сўмлик, 2001 йилнинг 1 сентябридан эса 1 000 сўмлик банкноталар жорий қилинди.

2005 йилнинг 1 июлида валютанинг 10 йиллиги муносабати билан 100 сўмлик танга истеъмолга киритилди. 2011 йилнинг 1 сентябрида эса 20 йиллик муносабати билан 500 сўмлик танга зарб қилинди.

2013 йилнинг 1 июлидан – 5 000 сўмлик банкнота муомалага киритилди.

Бундан ташқари, 1999 йил 20 октябрдан Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллиги муносабати билан 25 сўмлик, 2002 йил 1 ноябрдан Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллигига бағишлаб 50 сўмлик, 2009 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги муносабати билан икки хил кўринишдаги 100 сўмлик металл тангалар муомалага киритилган.

Ва ниҳоят 2017 йилнинг 20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 10000 сўмлик банкнотларнинг чиқарилиши тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, жорий йилнинг 10 мартидан қиймати 10 000 сўмга тенг  банкнотлар муомалага киритилди. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қиймати 10 000 сўм бўлган пул белгилари 144 х 78 мм. ўлчамдаги ҳимояланган қоғозда тайёрланган.

Банкнотнинг ўнг тарафидаги кенг оқ рангли сатҳда Ўзбекистон Республикаси Герби ва “10000” рақами кўринишида сув белгиси мавжуд.

Оқ рангли сатҳнинг чап тарафидан қоғоз қатламида “Дарча” ва “3D” эффектли юзага чиқиб, ичкарига ботувчи ҳимоя ипи ўтказилган.

Ўзбекистоннинг миллий пул бирлиги ўзининг ёрқин дизайни билан эътирофга тушиб улгурган банкноталардан бири ҳисобланади. 2015 йилда Microsoft компаниясининг MSN’нашри дунёнинг энг чиройли пуллари рўйхатини эълон қилганида, ўзбек сўми “Ташқи кўриниши билан қимматли” деб ном олган пуллар қаторига киритилган эди. 

Бугунга келиб, мамлакат ҳудудида миллий валютанинг қадрини янада мустаҳкамлаш йўлида ҳукумат томонидан турли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунга мисол қилиб, GM-Uzbekistan машиналарининг фақат сўмга савдо қилинишини таъминлаш, бундан ташқари, Ўзбекистон мобиль операторлари 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб миллий валютада тарифлар ўрнатиши ва ҳисоб-китобларни амалга ошириши ҳам мана шу йўлда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг намунасидир.

Қоғоз пуллар ва банкноталарни зарб қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон марказий банкига тегишли бўлиб, уларни қалбакилаштириш қонун йўли билан тақиб қилинади.

Мавзуга оид