07:41 / 05.07.2017
11042

Гамбург полицияси тарихидаги энг йирик операция: полиция G20 саммитига тайёр

Фото: REUTERS / Fabian Bimmer

"Катта йигирматалик" саммити каби йирик тадбирлар ўтказилмаган Гамбург шаҳри хавфсизлик чораларини ташкиллаштиришга немис пухталиги билан ёндашди.

Дунёнинг энг йирик иқтисодиётга эга давлатлари етакчилари ва бош вазирлари келадиган  G20 саммити Германиянинг бу шаҳрида 7-8 июль кунлари бўлиб ўтади. 

Саммит вақтида шаҳарда хавфсизликни ҳуқуқ-тартибот идораларининг 20 мингга яқин ходими, асосан бошқа федерал ерлардан полициячилар таъминлайди. Барча операциялар Гамбург полицияси раҳбарлиги остида ўтади. 

Полициячилар ихтиёрида мингга яқин хизмат автомобили, самолёт, камида 17 та полиция вертолёти, 62 та от, 213 та ит ва кўплаб тўсувчи панжаралар бўлади. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, дронлар ҳам қўлланиши мумкин.   

4 мингга яқин полициячи темир йўл вокзали ва аэропорт ҳудудида бўлади. Шаҳар порти ва Эльба дарёсида ҳам патруль назорати олиб борилади.  

"Бу Гамбург полицияси тарихидаги энг йирик операциядир", деб айтган шаҳар полицияси раҳбари Ральф Мартин Мейер. Унинг айтишича, полиция чақириққа 30 сониядан 1 дақиқагача вақт ичида реакция билдиради.

Шаҳарда хавфсизликни таъминлаш операциясида Нидерландия ва Австриядан ҳам махсус гуруҳлар иштирок этади, улар саммитга келадиган давлатлар раҳбарлари ва бош вазирлари, делегацияларнинг минглаб аъзоларининг шаҳар бўйлаб хавфсиз юришлари учун жавобгар бўладилар.  

Саммит иштирокчилари хавфсизлиги мақсадида саммит ўтадиган кўргазма маркази атрофида 38 км лик хавфсизлик ҳудуди ташкиллаштирилади. У ўртача баландликдаги металл панжаралар билан ўраб чиқилади. Ҳудудга кириш қатъий чекланган бўлади.

Гамбургда саммит вақтида кўплаб намойишлар ўтиши кутилмоқда. Улардан энг каттасида 50 мингдан 100 минггача одам иштирок этиши мумкин. Норозилик билдирувчилар орасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари вакиллари, касаба уюшмалар, ҳуқуқ ҳимоячилари, ўнг экстремистлар, сўллар бўлиш кутилмоқда.

Германия ички ишлар вазири Томас де Мезьер хавфсизлик хизматининг Гамбургдаги саммитга тайёргарлик даражасини юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, осойишта намойишларга рухсат берилган, зўравонлик қўлланувчи норозиликлар олди олинади. 

Шаҳар марказидаги дўконлар пешойналари ёғочлар билан ёпиб чиқилмоқда, шаҳар аҳолисининг ўзи эса саммит вақтида уйда қолишни афзал кўришини айтмоқда, чунки бундай "хавфсизроқдир".

Top