22:31 / 20.07.2017
9935

Америкалик кроватли автобуслар ҳаракатини йўлга қўйди

Шаҳарлар бўйлаб автобусда саёҳат қилиш, айниқса, уларда тунда ҳаракатланиш инсонни чарчатиб қўяди. Ўриндиқда ухлаб қолиш ҳар томонлама ноқулай: сакрайсиз, қимирлайсиз, чўчиб тушасиз, тонгда эса танада куч қолмайди. Том Куриэр автобусларга қулай кроватлар ўрнатиш лозимлигини ўйлаб топди. Кроватлар билан жиҳозланган иккита машинани Лос-Анжелес — Сан-Франциско йўналиши бўйича йўлга қўйди. Автобус 23.00да йўлга чиқиб, келаси куни 7.00да белгиланган жойда бўлади.  

Лойиҳанинг номи - SleepBus. Автобуслар икки қаватли бўлиб, уларда 24 бўлим бор ва ҳар бирида кроват, кондиционер, дераза, ўқиш учун лампа, гаджетларни зарядлаш учун розетка ўрнатилган. Йўловчиларга чойшаблар ва шовқин қайтаргичлар берилади. Бундан ташқари, SleepBus'да Wi-Fi, қаҳва, чой, сув ва ҳожатхона ҳам мавжуд. Ҳар бир бўлинма бир йўловчига мўлжалланган.  

Чипта нархи 115 доллардан (оддий автобусларда чипта нархи - 25 доллар) бошланади. Жойларни бронлаш онлайн амалга оширилади. Хизмат июнь охиридан бери ишламоқда. Агар лойиҳа ўзини оқласа, автобуслар бошқа йўналишлар бўйича ҳам кроватлар билан ҳаракатлана бошлайди. 

Top