01:53 / 27.07.2017
20409

Қўшниларнинг розилигисиз оралиқда қўшимча қурилиш қилиш мумкинми?

САВОЛ: Қўшним уйларимиз оралиғидаги бўш жойга қўшимча қурилиш қилаяпти. Менинг розилигим ҳам олинмаган. Лойиҳа ҳам қилинмаган. Мазкур ҳолат бўйича қаерга мурожаат қилишим керак?

Дилмурод ДЕҲҚОНОВ,

Пскент тумани

ЖАВОБ: Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек, иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.

Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга — сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.

Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.

Мазкур ҳолат юзасидан туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссияга мурожаат қилишингиз зарур.

Саволга Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси юрисконсульти Хуршида АБИДОВА жавоб берди.

Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.

Top