Ўзбекистон | 23:27 / 13.12.2022
12559
2 дақиқада ўқилади

Хоразм вилоятида 225 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани маълум бўлди 

2022 йилнинг 11 ойи давомида Хоразм вилоятида 1466 та ҳолатда 225,7 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани ва бинолар ноқонуний қурилгани аниқланган. 

Энг кўп қонунбузарликлар Ҳазорасп тумани (213), Хонқа тумани (165) ва Урганч туманида (135) қайд этилган. 

Ноқонуний эгаллаб олинган ерлар ҳажми бўйича Тупроққалъа тумани (72 гектар), Шовот тумани (52 гектар) ва Гурлан тумани (34 гектар) «пешқадамлик» қилмоқда. 

Шунингдек, Кадастр агентлиги томонидан ўтказилган назорат тадбирларида жами 607 та ҳолатда ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш, 2447 та ҳолатда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик, 3 та ҳолатда суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш бўйича чораларни кўрмаслик ҳолати аниқланган. 

Ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш билан боғлиқ 493 та ҳолатда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси талаблари асосида жавобгарлик масаласи кўрилган, 501 та ҳолатда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ҳолатлар ўз вақтида бартараф қилингани сабабли маъмурий иш тугатилган. 138 та ҳолатда жиноят аломатлари борлиги сабабли иш прокуратура органларига ўтказилган. 

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ҳолатлар бўйича ўтказилган назорат тадбирларида 692 та ҳолатда қонунбузарлик ихтиёрий бартараф этилган, 697 та ҳолатда судга даъво аризаси киритилган. 

Мавзуга оид