Жамият | 14:55 / 27.07.2017
41312
4 дақиқада ўқилади

Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 26 июлида Тошкент шаҳридаги “Kitob olami” савдо мажмуасида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги “O‘qituvchi” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан китобхонлик маданиятини шакллантириш, ёш авлоднинг китобга бўлган қизиқишини юксалтириш, айниқса, ёшлар ўртасида китоб мутолааси тарғиботига бағишлаб сўнгги йилларда нашриёт-матбаа ижодий уйида нашр этилган ёзувчи Муҳаммад Али ва Тўлқин Ҳайит қаламига мансуб  Соҳибқирон Амир Темурнинг шарафли ҳаёт йўли жонлантирилган “Амир Темур қалбида чақнаган нур”, таниқли олим Жумабой Раҳимовнинг “Адолат ва қудрат тимсоли” китоб-альбоми ҳамда Тўлқин Ҳайит муаллифлигидаги “Буюк салоҳият соҳиби” китобларининг тарғиботига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойишида белгилаб берилган вазифа ва топшириқлар ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини шакллантириш, таълим муассасаларини бадиий, маърифий, илмий-оммабоп ва тарбиявий адабиётлар билан таъминлашни янада кучайтириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим қадам бўлаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, тақдимоти ўтказилаётган ёзувчи Муҳаммад Али ва Тўлқин Ҳайит қаламига мансуб “Амир Темур қалбида чақнаган нур” асари “Темурийлар даврида илм-фан ва маданият ривожини ўрганиш ва тарғиб қилишнинг умумбашарий аҳамияти” мавзуида тайёрланган бўлиб, мазкур китоб диалог, яъни дилкаш суҳбат тарзида ёзилган ва Соҳибқирон Амир Темур шахси, фаолияти, адабиёт, хилма-хил тақдирлар, истиқлол неъмати ҳамда истиқлол йилларида Соҳибқирон сиймосига кўрсатилган эҳтиром ҳақида қизиқарли фикр-мулоҳазаларни ўз ичига олади.

Таниқли олим, педагог ва публицист Жумабой Раҳимовнинг “Адолат ва қудрат тимсоли” китоб-альбоми буюк давлат арбоби ва улуғ саркарда Амир Темурнинг бутун ҳаёт йўлини ёритишга бағишланган.

Асарда Ватан озодлиги, мустақиллиги учун ақл бовар қилмас жангу жадал майдонида сўнгги нафасигача курашган, жумладан, Шарқ халқларини ёвуз душмандан ҳимоя қилган, номи тарихда ҳақли равишда мангу қолган буюк саркарда, Соҳибқирон Амир Темурнинг тарихий ҳақиқат руҳидаги сиймоси кенг ёритилган.

Китоб буюк аждодимиз тўғрисидаги ўша давр ёзма манбалари, кейинги замонларда яратилган тарихий солномалар, замонавий тадқиқотлар, бадиий-публицистик нашрлар асосида яратилган бўлса-да, уни соф илмий тадқиқот эмас, балки барча севиб ўқийдиган оммабоп асар дейиш мумкин. Бу залворли иш устида муаллиф кўп йиллар давомида машаққатли изланишлар олиб борган. Асар хронологик тадрижда жойлаштирилган бўлиб, матн равон усулда ёзилган ва енгил ўқилади.

Тўлқин Ҳайит қаламига мансуб “Буюк салоҳият соҳиби” асарида буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг серқирра фаолияти, ҳарбий ишлари, адолат ўрнатиш бобидаги давлатчилик ислоҳотлари, илм-фан, меъморчилик, адабиёт, санъат, тарих ва бошқа яна ўнлаб соҳаларда амалга оширган унутилмас ишлари очиб берилади.

Мавзуга оид