00:12 / 02.08.2017
39698

Йўловчи ташиш учун лицензияни қўлга киритиш шартлари

САВОЛ: Мен йўловчи ташиш фаолиятини амалга оширмоқчиман. Лицензия ва лицензия карточкаси олиш учун қандай ҳужжатлар талаб этилиши, мурожаатни кўриб чиқиш муддатлари ва уларни олиш учун қанча пул тўланиши ҳақида маълумот берсангиз?

Э.ЭШМУРОДОВ, Шўрчи тумани

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 14 июлдаги 138-сон қарори билан тасдиқланган «Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида»ги Низомнинг (кейинги ўринларда - Низом деб юритилади) 3-банди 2-хатбошида: «Тижорат асосида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолияти фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади», деб белгиланган.

Низомнинг 10-бандига кўра, Лицензия олиш учун лицензия талабгори қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

юридик шахс учун — юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами; жисмоний шахс учун юк ташиш ҳуқуқига лицензия олишда — фамилияси, исми, отасининг исми, паспортга оид маълумотлар ва ҳайдовчилик гувоҳномаси; фаолиятнинг лицензияланадиган тури (ёхуд унинг бир қисми) ва фаолиятнинг мазкур тури амалга ошириладиган муддат кўрсатилган ҳолда лицензия бериш тўғрисидаги ариза;

мавжуд автотранспорт воситаларининг мулк ҳуқуқи, бошқа ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара шартномалари тўғрисидаги маълумотлари, шунингдек Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматининг тегишли бўлинмаси томонидан берилган автотранспорт воситасининг техник жиҳатдан соз эканлиги тўғрисида белги қўйилган автотранспорт воситаси техник паспортининг ёки автотранспорт воситалари гуруҳи техник кўрикдан ўтказилганлиги далолатномасининг нусхаси;

лицензия талабгорида ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ва автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ёхуд лицензия талабгорининг тегишли ихтисосликдаги ташкилот билан унга тиббий кўрик ва техник кўрикдан ўтиш имконияти берилиши тўғрисидаги шартномаси нусхаси мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар;

лицензия талабгори томонидан ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Низомнинг 16-бандига кўра, лицензия талабгорига автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташишга лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.

Лицензияловчи орган лицензия талабгорини қарор қабул қилингани тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин уч иш куни мобайнида хабардор қилади.

Лицензияловчи орган томонидан лицензия/лицензия карточкаси талабгорининг лицензия/лицензия карточкаси бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади (Низомнинг 12-банди).

Низомнинг 33-бандида, автомобиль транспортида йўловчилар ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташишга лицензиялар берилганлиги ва уларнинг амал қилиш муддати узайтирилганлиги учун давлат божи Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорларда ундирилиши белгиланган.

Шунингдек, автотранспорт воситалари сони тўлдирилган (кўпайтирилган) тақдирда давлат божи ҳар бир лицензия карточкаси учун қўшимча равишда ундирилади.

Саволга Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги юридик хизмати бошлиғи Шерзод ЎРИНОВ жавоб берди.

Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.

Top