19:01 / 08.08.2017
9591

Алюминий нархлари 2,5 йилдан бери максимум кўрсаткичга чиқди

8 август куни алюминий фьючерслари 2014 йилнинг декабридаги максимум нархга қадар кўтарилди. Бу Хитойда металлни ноқонуний ишлаб чиқариш билан кураш бошлангани ҳақидаги маълумотлар тарқалгач рўй берди, деб хабар бермоқда «Интерфакс».

Аниқлик киритилишича, LME’да бу шартномалар 1,5 фоизга қимматлашиб, бир тонна учун 1993 долларни ташкил этди.

Бир кун аввал уларнинг нархи 2,8 фоизга ошган.

Хитойда жаҳон алюминийсининг тахминан 60 фоизи ишлаб чиқарилади. Ушбу давлатда ҳукумат тегишли рухсатнома ва экологик сертификатларни олмаган заводларни ёпмоқда, деб хабар тарқатди Reuters.

Масалан, Хитойнинг ушбу металлни ишлаб чиқарувчи йирик компанияси China Hongqiao Group қуввати йилига 2 млн тоннадан ортиқ бўлган эскирган ишлаб чиқариш майдонларини ёпиши ҳақида маълум қилди.

Агентлик таҳлилчиларининг тахминича, 2017 йилда Хитойда алюминий ишлаб чиқариш бўйича қувватлар 3-4 млн тоннага, ёки бутун маҳаллий бозорда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг 10 фоизига қисқариши мумкин.

Top