16:05 / 16.08.2017
16697

Қарз эвазига «ёруғ юз» билан тўй қилиш тўқлик ва аҳмоқгарчиликнинг ўзгинаси

Бугунги куннинг долзарб муаммоларида бири – тўйлар, маросимлар ҳақидаги ўйларимиз бўлиб қолди. Маиший кўринган масала, аслида ҳаётимиздаги зарарли одатларнинг дебочаси бўлиб қолаётганини англаган юртдошларимиз ижтимоий тармоқда, кўча ва бозорларда катта муҳокамаларни бошлаб юборди.

Kun.uz мухбири ушбу масала бўйича хонанда Маҳмуд Намозов билан боғланди. Маҳмуд Намозовнинг айтишича, барча пайдо бўлган «модадаги» урфга сабаб - тўқчилик.

«Одамлар тўқ, маблағи бўлгандан кейин ҳар хил нарса ўйлаб топаверади. Бундай қилишим керак, уни ўзгартираман, деб ҳар-ҳар замон янги одат ўйлаб топаяпти. Лекин ҳар нарсанинг меъёридан ошгани иллат ҳисобланади.

Бунинг устига кўр-кўрона ҳаракатланиш, тажрибасизлик, билимсизлик қўшилиб кетади. Ҳаётдан олайлик мисолни: кимдирнинг пули кўп, дабдаба қилишни хоҳлайди, кимнингдир эса қурби етмайди бундай ҳашамга. Шундай бўлса ҳам, иккинчи одам кузатади, кўради, ўйлаб қолади: «Ие, у қилганда, мен қилмайманми» қабилида дабдаба пойгасига тушиб кетади. Бу ҳам бўлса иккинчи кишининг билимсизлигидандир. Мен биринчи мисолдаги бой инсонни ҳам оқламайман, у аслида билиб-билмай исрофга йўл беряпти, аммо кейинги инсон ўзини ва оиласини жарга етаклаб кетяпти.

Бундай вазият юзага келмаслик учун нима қилиш керак? Одамларга тарғибот зарур, озроқ насиҳат қилиш керак. «Маҳалла нима дейди», деб ўтирмасдан ақл билан ҳисоб-китоб қилиб олиш ҳам зарур.

Тўй атрофидаги иллатлардан бири бу келин томонга жабр қилишда, деб биламан. Келин, аслида, уйимизга кириб келаётган бизнинг қиз эмасми?! Ота-она уни ювиб, тараб ўқитади, тарбия беради, соғлом ўстириб яна қўш-қўллаб жуфти ҳалолига топшириб юборади. «Омонатини ўз эгасига бердим» деб қўяди, холос. Бизчи? Қиз томондан ҳар хил нарсаларни талаб қилиб, буюмларни келтиришимиз, унинг оиласини ҳисобидан таомланиш динга ҳам, маданият ҳам, ҳеч қайси мантиқ ва мулоҳазага ҳам тўғри келмайдику.

«Кимдир келин томондан бундоқ нарса келибди», деса сиз ҳам шу ноинсофларнинг оиласи каби ўз келингизга жабр қилинг, дегани эмас-ку.

Тўқчилик исрофга сабаб бўлаётган бўлса, кўр-кўрона тақлидга маънавияти паст инсон қўл урмоқда. Аслида, маънавият сўзини ҳам сийқасини чиқариб юборишди, айрим калтабинлар тўлқинланиб гапирганидек, маънавият фақат ёзув ва сўзлашувда эмас. Балки мана шундай фаросатсизликка дуч келганда унинг мазмунига боқиб, ўзи учун хулоса чиқаришда намоён бўлувчи меъёр – маънавият.

Киши қарзга ботиб, ҳамманинг олдида «ёруғ юз» билан тўй қилиши аҳмоқгарчиликнинг ўзгинаси. Онгли равишда ўз имкониятлари баҳолаши, баҳолиқудрат қуда-андачиликни меъёрда олиб бориш ҳақиқий ўзбекчиликнинг асл кўриши дегани».

Кун.уз мухбири мана шу ҳақдаги фикрларини билиш мақсадида хонанда Алишер Файз билан боғланди.

«Сўнгги пайтда бу ҳам бир урфга айланиб бормоқда. Урфнинг бир учи бориб, қўрқувга тақалади. «Одамлар гапиради», «Фарзандим ўксимасин» қабилидаги қўрқув босими кучайиб кетганидан, тўй ва маросимларни айнан шундай ўтказишимиз керак, деб ҳисоблаймиз.

Аксинча миллийлигимиз, ўзлигимизга хос равишда тўйларни ўтказсак бўлади. Қадимдан чиройли тўй одатларимиз бўлган, лекин бу анъаналар янги кўринишда жонланганда фақат молиявий чиқим талаб қиладиган бўлиб қолмаслиги лозим. Менинг фикримча, тўйлардаги оврўпача қилиқларни бас қилиб, ҳаммасини инкор эта олмаймиз. Бўшлиқ пайдо бўлиб қолиши тайин, аммо бу ҳаракатларни соддалаштириб, ўзимизнинг нигоҳимизда, виждон олдида кўзбўямачилик қилмаслик керак».

Top