10:40 / 17.09.2020
78909

Ҳайдовчига беш миллион, артистга бир миллион жарима: мантиқ қаерда қолди, қонунийлик-чи?

Халқ орасида «Камбағал шўхлик қилса жиноят, бой жиноят қилса шўхлик» деган кинояли гап юради. «Tashkent city»да тўй қилган хонандага нисбатан кўрилган чора мазкур иборани яна бир бор ёдга олишга туртки бўлди.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси санитария-эпидемиология талабларини бузиб, меҳмонлари сони элликдан ошган ҳолда тўй тадбирини ўтказган эстрада хонандасига БҲМнинг 5 баравари (1 миллион 115 минг сўм) миқдорида жарима белгилангани ҳақда хабар тарқатди.

Бир қарашда ҳаммаси қонун доирасида бўлган, барчаси рисоладагидек. Аслида-чи? Хонандага жазо ҳаққоний ва адолатли танланганми? Қонунийлик-чи, тўла таъминланганми? 

Бу каби саволларга карантинда ўтган яқин ўтмишимизни ёдга олиб жавоб излашга уриниб кўрамиз.

Эслаб кўринг: яқин-яқинларда рухсат этилмаган вақтда ўз автотранспорт воситасида ҳаракатланган ҳайдовчиларга энг камида базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари – 4 млн 460 минг сўмдан жарима қўлланди. Бу ҳам етмагандек автомашиналари бир неча ойлаб қонунга хилоф равишда жарима майдонларида ушлаб турилди. Жарима-ю жарима майдонига тўланган пулларнинг аниқ ҳисоби бўлмаса ҳам керак. 

Бу каби аёвсиз жарималар ортидан карантин эълон қилинганининг дастлабки ойидаёқ давлат хазинаси сал кам 50 млрд сўмга бойиди. Уларнинг асосий қисми карантин чекловлари даврида автомашинани бошқарган шахсларга тўғри келди.

Дарҳақиқат, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси иккинчи қисмига кўра карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари (4 460 000 сўм)дан 30 баравари (6 690 000 сўм)гача, мансабдор шахсларга эса ундан ҳам кўпроқ, 50 баравари (11 150 000 сўм)гача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас.

Энди мавзунинг иккинчи ва асосий қисмига ўтиб, хонанда В.Исоқов белгиланган меъёрлардан ошириб тўй қилганликда ифодаланган қилмишининг ҳуқуқий малакаланиши ва унга қўлланган жазо миқдорига тўхталсак.

Тошкент шаҳар ИИББ хабарида В.Исоқов МЖтКнинг 54-моддасининг қайси қисми билан жавобгарликка тортилгани айтилмаган. Мазкур модданинг биринчи қисмида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлишга оид ҳуқуқбузарликка нисбатан жавобгарлик назарда тутилганини инобатга оладиган бўлсак, В.Исоқов шу модданинг иккинчи қисми талабини бузган бўлиб чиқади.

Бироқ, қўлланган жарима миқдори (БҲМнинг 5 баравари) эса бу хулосани шубҳа остида қолдирмоқда. Сабаби 54-модданинг иккинчи қисмида жарима миқдори беш бараваргача эмас, балки 20дан 30 бараваргача белгиланган. Бу модданинг эса учинчи қисми йўқ.

Демак, бундан келиб чиқадики қонун ҳимоячилари «Tashkent city»да тўй ўтказиб, эркалик қилган хонандани «авайлаган» бўлишлари мумкин.

Хабарда В.Исоқовга маъмурий баённома санитария-эпидемиология хизмати ходимлари томонидан расмийлаштирилгани айтилган. Хонанда ниқоб тақмагани учун эмас, айнан тўй маросимида 50дан ошиқ меҳмонлар қатнашгани учун жазоланган. Республика махсус комиссиясининг амалдаги қарорига мувофиқ, тўй маросимларида иштирок этувчиларнинг чекланган сони 30 нафардан ошмаслиги керак.

Энди ҳақли эътироз пайдо бўлади: унда хонанда нима сабабдан БҲМнинг 5 баравари миқдорда жаримага тортилди? Ахир у карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузди-ку?! Шундай экан, унга нима учун қонунда қатъий белгиланганидан енгилроқ жазо чораси танланди?

Масаланинг шу ерига келганда қонун нормалари қўпол равишда бузилгани яққол кўзга ташланади. Чунки МЖтКнинг 33-моддасига кўра, жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда белгиланган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо ёки ундан ҳам енгил жазо чорасини фақатгина суд қўллаши мумкин.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи бошқа орган енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун ишни судга юбориши шарт. Яъни, суддан бошқа бирорта маъмурий орган жазони енгилига алмаштиришга ваколатли эмас.

Шундай экан, В.Исоқов ишида СЭХ ходимлари ўз ваколатларини суиистеъмол қилган бўлишлари мумкинлиги эҳтимоли юқори.

Ушбу ҳолат ваколатли органлар томонидан қайта кўриб чиқилиб, қонунийлик тўлиқ таъминланишига умид билдириб қоламиз.

Зеро, қонунлар олдида эстрада хонандаси ҳам, оддий ҳайдовчи ҳам тенгдир.

Дилшод Абдуқодиров.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top