22:31 / 18.08.2017
4938

Dodge Viper суперкарларини ишлаб чиқариш кутилмаганда тўхтатилди

Фото: motor.ru

Fiat Chrysler Automobiles (FCA) альянси Dodge Viper суперкарларини ишлаб чиқишни бехосдан тўхтатди. Аввалроқ, Детройтнинг Conner Assembly Plant заводидаги конвейерни 31 август куни тўхтатиш белгиланган эди. Бироқ, сўнгги автомобиль 17 августда йиғиб бўлинди. 

Қайд этиш керак, шу муносабат билан ҳеч қандай маросим ўтказилмаган ёки расмий баёнот берилмаган. Фақат компаниянинг бош дизайнери Ральф Жиль ўз Инстаграм саҳифасига қизил тусли сўнгги автомобилнинг конвейер тасмасидаги йиғилишига доир суратларни жойлаштирди. 

Моделнинг сўнгги нусхаси музейга юборилади. У шу рангдаги илк авлод ёниидан жой олади. 

 

A post shared by @ralphgilles on

«Вайпер»ларни ишлаб чиқариш 1995 йилда Conner Assembly Plant заводида бошланган эди. Унинг сўнгги авлоди 2012 йилда намойиш этилган эди. Дастлаб суперкар SRT брендида сотилган, аммо орадан бир йил ўтгач, Dodge тимсолларига эга бўлганди.

Dodge Viper купеси 654 от кучига эга, 8.4 л ҳажмдаги атмосферали моторга эга. Унга 6 босқичли МУҚ ўрнатилган. У 3 сонияда соатига 96 км (60 миль) тезликка эришади. 

Top