13:15 / 10.11.2016
6971

Ferrari моделлари уч йилдан кейин қандай ўзгаришларга учрайди?

Фото: Motor.ru

2019 йилдан бошлаб ишлаб чиқариладиган барча Ferrari моделлари гибрид технологияга эга бўлади. Бу ҳақда Autocar нашрига кўра, сармоядорлар билан телефон орқали ўтказган анжуманида Fiat Chrysler Automobiles альянси раҳбари Сержио Маркионне маълум қилган.

Маркионненинг айтишича, одатдаги ички ёнув двигателлари ва электрмоторлардан биргаликда фойдаланиш автомобилларнинг тез ҳаракатланиш имкониятини ошириш баробарида, ёқилғи тежамкорлигини таъминлайди. Бундан ташқари, моделлар қаторининг гибридлашуви йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 2025 йилга бориб, йилига 10 минг донагача етказишга имкон беради. 

Ҳозирда, йилига 8 мингга яқин турли русумдаги Ferrari ишлаб чиқарилади. Маркионне аввал ҳам бир неча маротаба ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш борасида фикр билдирган эди. Унинг фикрича, компания ўсиш сегментига риоя қилиши ва мижозларни ўз машиналарини узоқ вақт кутишга мажбур қилмаслиги керак. 

Ferrari савдо белгисининг собиқ раҳбари Лука ди Монтеземоло эса, аксинча, ишлаб чиқарилаётган машиналар сонини 7 мингдан оширмаслик тарафдори эди. Унинг сўзларига кўра, шундагина моделнинг ўзига хослиги таъминланади. 

Top