Жаҳон | 09:20 / 27.08.2017
9415
2 дақиқада ўқилади

Макрон рейтинги кескин пасайиб кетди

Фото: РИА "Новости"

Франция президенти Эммануэль Макронга ишонч даражаси пасайишда давом этмоқда. Бир ой ичида Макрон рейтинги 14 фоизга пасайган. Бундан Journal du Dimanche нашри буюртмасига кўра Ifop маркази ўтказган сўровнома натижалари дарак бермоқда.

Сўровнома 25-26 август кунлари телефон орқали ўтказилган. Унда 1023 киши иштирок этган.

Тадқиқот натижаларига кўра, августда фақатгина 40 фоиз французлар Макрон фаолиятидан қониқиш билдирганлар. Июлда Макрон иши 54 фоиз сўралганлар томондан маъқулланган. Таъкидланишича, 57 фоиз французлар янги президентга ишонч билдирмаяптилар.

“Эммануэль Макрон тантановор равишда сайлангандан 4 ойгина ўтиб озчилик президентига айланди”, деб ёзмоқда нашр. Нашрнинг қўшимча қилишича, Макрон рейтингининг августда кескин пасайиши аввалги ойдаги ҳолатнинг давомидир. Июлда Макрон рейтинги 10 фоизга пасайганди.

Нашрнинг таъкидлашича, Макрон рейтинги ундан аввалги икки президент – Франсуа Олланд ва Николя Саркозиникидан анча тез пасаймоқда. 2012 йилда Олланднинг рейтинги президент этиб сайланганидан бир неча ой ўтиб бор-йўғи 2 фоизга – 56 фоиздан 54 фоизга пасайганди. Саркози рейтинги эса 2007 йил августида аксинча 3 фоизга, яъни 66 фоиздан 69 фоизгача ўсганди. 

Мавзуга оид