Фан-техника | 10:11 / 31.08.2017
59039
3 дақиқада ўқилади

Жетон ўрнига карта билан. Энди Тошкент метросида европача тизим

Фото: Kun.uz

Тошкент метрополитени фойдаланувчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида, “Toshkent Metropoliteni” УК ва “Mikroelektronika Plyus” МЧЖ ҳамкорликда метрополитен хизматларидан фойдаланишда йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасини амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг дастлабки босқичида Мустақиллик майдони метро бекати тест синовлари тариқасида махсус турникет ва бир марталик чипта сотувчи автоматлар билан жиҳозланди. Лойиҳа бошланганига 2 йил бўлган бўлса, ушбу даврда дунёнинг ривожланган шаҳарларининг транспорт тизимлари ўрганиб чиқилди ва маҳаллий инженер ва дастурчилар томонидан миллий ечим ишлаб чиқилди.

Тизим тўлиқ жорий этилгандан сўнг йўлкира ҳақини тўлашнинг бир неча қулай усуллари амалиётга жорий этилади, жумладан:

Бир марталик метро чиптаси ёрдамида метрога кириш. Бундай чипталар ҳар бир метро бекатининг кириш қисмида ўрнатилган махсус чипта сотувчи қурилмалар орқали нақд пул ва пластик карта ёрдамида сотиб олинади. Чиптада QR код (Quick Response Code - тезкор жавоб берувчи код) тасвирланган бўлиб, уни турникет сканерига кўрсатиш етарли бўлади.

Ҳозирги кунда, NFC (Near Field Communication - яқин масофадаги алоқа) карталари ёрдамида объектга кириш ва тўловларни амалга ошириш дунёда оммалашиб бормоқда. Метрога киришда ҳам мазкур технологияни қўлловчи карталардан фойдаланиш имкони яратилмоқда. Ушбу карталар бир маротаба харид қилинади ва ҳисобини тўлдириш орқали доимий фойдаланиш мумкин.

Яна бир инновацион қулайлик, бу тўловларни смартфон қурилмаси ёрдамида амалга оширишдир. Ўзбекистон аҳолисининг 2/3 қисмидан ортиғи мобил алоқадан фойдаланувчилар эканлигини инобатга олсак бу жуда оммабоп ечимдир. Бунинг учун смартфон қурилмасига махсус дастур ўрнатилади ҳамда QR код ёки NFC боғланиш орқали тўловлар ўтказилади.

Мазкур ўзгаришлар амалга оширилгандан сўнг, NFC карталар ойлик йўл чипталари ўрнини босса, пластмасса жетонлар вазифасини эса QR кодли билетлар бажаради.

Мавзуга оид